Жаҳон | 19:04 / 26.03.2025
4735
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Хитойга тегишли 50 та компанияни санкциялар рўйхатига қўшди

Улар сунъий интеллект, суперкомпютерлар ва юқори технологик чипларни яратишдаги иштироки учун «қора рўйхат»га киритилган.

Фото: Istock | Getty Images

АҚШ Савдо вазирлиги Саноат ва хавфсизлик бюроси 80 та ташкилотни санкциялар рўйхатига қўшди, уларнинг 50 дан ортиғи — Хитойга тегишли компаниялардир, деб хабар беради CNBC.

Рўйхатдан ўрин олган компанияларга нисбатан экспорт чекловлари қўлланади. Хусусан, Америка компаниялари уларга АҚШ ҳукуматининг алоҳида рухсатисиз товарлар ва технологияларни етказиб бера олмайди.

Савдо вазирлигининг қайд этишича, Хитой компанияларининг аксарияти ҳарбий мақсадларда фойдаланиладиган сунъий интеллект, суперкомпютерлар ва юқори технологик чипларни яратишдаги иштироки учун «қора рўйхат»га киритилган. Иккита компания Huaweiʼга нисбатан санкцияларни бузгани учун рўйхатдан ўрин олган. Шунингдек, рўйхатга 2023 йилда АҚШ санкцияларига учраган Inspur Group — булутли технология билан шуғулланувчи компаниянинг олтита шуъба корхонаси ҳам киритилган.

Хитой компанияларидан ташқари санкциялар рўйхатидан Тайван, Эрон, Покистон, ЖАР ва БАА компаниялари ҳам ўрин олган.

ХХР Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг янги экспорт чекловларини қоралаб, барча нарсага «миллий хавфсизлик тушунчасини қўллашни» тўхтатишга чақирди.

Аввалроқ Хитой бош вазири Ли Сян хорижий санкцияларга қарши кураш тўғрисидаги қонунни кучга киритиш тўғрисидаги фармойишни имзолаганди. ТИВга кўра, ушбу қонун АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг санкцияларига жавобга айланади.

Мавзуга оид