«Яшасин Франция ва Ўзбекистон дўстлиги!» — Макрон қабул маросимида
Мирзиёев Макронга ёзувчи Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган «Кулаётган одам» романининг илк нусхасини совға қилди. Макрон эса Ўзбекистон раҳбарига XIX асрда француз фотографи Пол Надар томонидан Жиззахда олинган фотосуратни совға қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Франция Республикаси президенти Эммануэл Макрон Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев шарафига давлат қабул маросимини уюштирди.
Қабулда икки мамлакат расмий делегациялари, Франция бош вазири Франсуа Байру бошчилигида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, таниқли маданият, санъат ва фан арбоблари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлат раҳбари Эммануэл Макрон ва унинг рафиқаси Брижит Макронга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугун бўлиб ўтган музокаралар тарихий аҳамиятга эга эканини, уларнинг натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Франция етакчиси бугун ўтказилган музокаралар натижаларини ва имзоланган битимларни олқишлади.
«Бир неча йил ичида биз энергетика, сув ресурсларини бошқариш, коммунал хизматлар, транспорт, барқарор туризм каби муҳим соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга эришдик. Бунинг далили сифатида Франция ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги кўмагида француз компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритаётгани, ҳудудларда қўшилган қиймат ва иш ўринлари яратилаётгани, ёшлар касб ўрганиб, ҳаётда ўз ўрнини топаётганини келтиришим мумкин», – деди Эммануэл Макрон.
Томонлар халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишларини билдирдилар.
«Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция!»
Макрон Елисей саройида уюштирилган қабул маросими вақтидаги нутқида ўзбек тилида мулозамат кўрсатди.
«Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция! Яшасин Франция-Ўзбекистон дўстлиги!» – деган у.
Бундан ташқари, у ўзининг Instagram саҳифасида ҳам ташриф юзасидан постини икки тилда – ўзбек ва француз тилларида ёзган.
«Парижга хуш келибсиз, ҳурматли Шавкат!
Мазкур давлат ташрифи билан бирга, биз Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ришталарини янада юксалтириб, келажакка йўналтирилган шериклик учун берилган ваъдани бажарамиз.
Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция!» – деб ёзди Макрон.
Франция президенти Ўзбекистон раҳбарига XIX асрда француз фотографи Пол Надар томонидан Жиззахда олинган «Амир Темур дарвозаси. Сангзор дарёси бўсағасида» номли фотосуратни совға қилган.
«Бу менинг ватаним», деган Шавкат Мирзиёев ва ҳамкасбини бағрига босиб қўйган. Франция президенти фотосурат икки давлат ўртасидаги тўғридан тўғри алоқа рамзи ҳисобланишини таъкидлаган.
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Елисей саройида бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронга француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган «Кулаётган одам» романининг илк нусхасини совға қилди.
Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилаётгани қўшимча қилинган.
Мавзуга оид

17:56
Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди

17:53
Кутилмаган туҳфа, олий мукофот, ўзбекча гапирган Макрон — Ўзбекистон–Франция муносабатларида янги саҳифа

17:10
Шон-шарафнинг энг юқори белгиси: Франциянинг Фахрий Легион ордени қандай мукофот?

16:01