Жаҳон | 08:58
8303
2 дақиқада ўқилади

Германия Трамп F-35 самолётларини «ўчириб қўйиши» мумкинлигидан хавотирда

Германиядаги сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситалари ҳарбий авиацияда Вашингтонга таяниш хавф туғдирадими ёки йўқми, шу масалани муҳокама қилмоқда. Баҳс АҚШ Украинага қурол-яроғ ва разведка маълумотларини етказиб беришни тўхтатганидан кейин пайдо бўлди.

Фото: ZUMAPRESS

Германия АҚШнинг Украинага қурол-яроғ ва разведка маълумотлари етказиб беришнинг тўсатдан тўхтатиб қўйиши ортидан Вашингтон билан ҳарбий авиация соҳасида ҳамкорлик хавф туғдирадими ёки йўқми, шу масалани муҳокама қилмоқда. Американинг F-35 қирувчи самолётларини тез ўчириш функцияси (Kill Switch) Германия ҳаво кучларини (люфтваффе) Оқ уйга қарам қилиб қўйиши мумкин, деб ёзади Германиянинг Handelsblatt ва Bild  газеталари 8 март, шанба куни.

Ҳарбий саноатдаги манба Handelsblatt'га ваҳимага берилмаслик кераклигини айтди ва Вашингтон люфтваффени қарам қилиб қўйиши ва уни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши даргумон деб атади. «Бундай ҳолатда биз F-35'ни эҳтиёт қисмлар тугагунча ёки самолёт тизимни янгилашни талаб қилмагунча ишлата оламиз», — деди манба нашрга.

Handelsblatt'нинг эслатишича, Lockheed Martin аввалроқ F-35 қирувчи самолётлари учун дастурий таъминот билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Бу Дания, Норвегия ва Белгияга машиналарни етказиб беришда кечикишларга олиб келди.

Сиёсатчиларнинг муносабати

Бундестагдаги Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқ (ХДИ/ХСИ) фракцияси раҳбари ўринбосари Йоханн Вадефул Handelsblatt газетасига берган интервюсида консерватив блок F-35 учун шартномадан воз кечиш ниятида эмаслигини айтди. Унинг партиядоши, Бундестаг депутати Инго Гедехенс бу масалани чуқурроқ ўрганишга чақирди.

«Биз яқиндан кўриб чиқишимиз ва эҳтиёт бўлишимиз керак. Агар биз F-35 каби қурол тизимига шунчалик кўп пул сарфласак, уни қандай ишлатишни ҳам ўзимиз ҳал қилишимиз керак», деди Гедехенс 8 март куни Bild газетасига. «Биз Бундесвер учун сотиб олган Америка қурол тизимлари шунчаки ўчириб қўйилиши мумкин эмас».

Мавзуга оид