Жаҳон | 15:24 / 02.03.2025
8978
11 дақиқада ўқилади

Douglas, Boeing, Airbus ва Ту-154 – Фуқаро авиацияси тарихида уриб туширилган самолётлар

​​​​​​​Авиация тарихида энг кўп Douglas ва Boeing самолётлари уриб туширилган. Бунга сабаб ХХ аср ўрталаридан бошлаб, 1970-йилларгача дунёда энг оммабоп самолёт Douglas бўлган. Кейинчалик Американинг Boeing компанияси бошқалардан ўзиб кетди ва бугун ҳам дунёдаги кўплаб авиакомпаниялар унинг самолётларидан фойдаланади.

2024 йил 25 декабр куни Azerbaijan Airlines (AZAL) авиакомпаниясига қарашли Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган Embraer E190 самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди.

Оқибатда самолёт бортида бўлганлардан 38 нафар одам ҳалок бўлди. 29 киши тирик қолди. Ҳодисадан бироз ўтиб, айрим тафсилотлар айтилди. Унга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Embraer E190 томонга ракета учирган ва самолёт яқинида портлаб, фюзеляж қопламасига зарар етказган.

Шундан сўнг учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаган. Экипажга Каспий денгизи орқали Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган.

Ҳодиса юзасидан Владимир Путин Илҳом Алиевдан узр сўради. Бироқ Озарбойжон томони самолётга зарба берганлар жазоланишини ва Россия товон пули тўлаб бериши кераклигини талаб қилмоқда.

Яқинда AZAL самолёти ҳалокати бўйича якуний ҳисобот йил охиригача эълон қилиниши айтилди. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) талабларига кўра, авиаҳалокат терговига бир йил вақт ажратилади.

Аввалроқ, Kun.uz’да СССР ва Россия томонидан уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида маълумот берилди. Қуйида фуқаро авиацияси тарихида турли йилларда уриб туширилган йўловчи самолётлари ҳақида маълумотларни келтириб ўтамиз.

1938 йил 24 август. АҚШлик учувчилар томонидан бошқарилган, Хитой авиакомпаниясига қарашли Douglas DC-2 самолёти Ҳонгконг-Учжоу йўналишида парвоз қилаётганда японлар томонидан уриб туширилган.

Оқибатда унинг бортида бўлган 17 кишидан 14 нафари ҳалок бўлган, 3 нафари тирик қолган. Ҳалок бўлганлар орасида хитойлик уч нафар бой банкир ҳам бўлган.

Ушбу Douglas фуқаро авиация тарихида уриб туширилган йирик ўлчамли илк йўловчи самолёти ҳисобланади.

1940 йил 14 июн. Таллиндан Хелсинкига парвоз қилган Финландиянинг Aero авиакомпаниясининг Junkers Ju 52 самолёти СССР томонидан Фин кўрфази яқинида уриб туширилади.

Ўша пайтда совет-фин уруши тугаганига 3 ой бўлганди. Бу уруш туфайли анча ҳудудидан айрилган Финландия ҳукумати икки давлат ўртасидаги муносабатни яна кескинлаштиришдан қўрқиб СССРга қарши расмий норозилик билдирмайди.

1942 йил 3 март. Голландиянинг KNILM авиакомпаниясига қарашли Douglas DC-3 самолёти Индонезиядан Австралияга парвоз қилаётганда Япониянинг Mitsubishi A6M Zero қирувчи самолёти томонидан уриб туширилади.

Самолёт Брум шаҳридан 90 километр шимолга қулаб тушади. Ҳалокатдан сўнг содир бўлган отишмада самолёт бортида бўлган 12 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларидан тўрт киши ҳалок бўлади. Самолёт бортида бўлган бир неча миллион долларлик олмоснинг катта қисми йўқолади.

1943 йил 1 июн. Британиянинг BOAC авиакомпаниясига қарашли Douglas DC-3 Лиссабондан Буюк Британиянинг Бристол шаҳрига парвоз қилаётганда фашистлар Германиясига қарашли қирувчи самолёт томонидан уриб туширилади.

Оқибатда самолётда бўлган 17 кишининг барчаси, шу жумладан британиялик актёр Лесли Ҳовард ҳалок бўлади. Кейинчалик немис учувчилари ўз эсдаликларида Douglas DC-3’ни қирувчи самолёт билан адаштиришгани ҳақида ёзишган.

1943 йил 22 октябр. Швеция авиакомпаниясига тегишли Douglas DC-3 Шотландиянинг Абердин шаҳридан Стокҳолмга учаётганида фашистлар Германиясига қарашли самолёт томонидан ўққа тутилади.

Оқибатда самолёт қулаб тушади ва унинг бортида бўлган 15 кишидан 13 нафари ҳалок бўлади, механик ва йўловчи тирик қолади.

1954 йил 23 июл. Ҳонгконг авиакомпаниясига қарашли Douglas 10-DC самолёти Ҳонгконг-Бангкок йўналишида учаётганда Хитой қирувчи самолёти Хайнан ороли яқинида уриб туширади.

Оқибатда самолётда бўлган 19 кишидан 10 нафари ҳалок бўлади. Кейинроқ Хитой узр сўраб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига ва авиакомпанияга товон пули тўлайди. Кейинроқ France Presse ахборот агентлиги йўловчи самолётни уриб туширган хитойлик учувчиларга ўлим жазоси берилгани ҳақида ёзганди.

1955 йил 27 июл. Исроилнинг El Al авиакомпаниясига қарашли Lockheed самолёти Лондон-Тел-Авив йўналишида учаётганда Болгарияга қарашли МИГ-15 қирувчи самолёти томонидан уриб туширилади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 51 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

Ўшанда болгарлар самолёт йўлдан адашиб Болгария ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб кетганини айтишади. Бироқ бир неча йил давом этган суд жараёнларидан кейин 1959 йилда Халқаро суд ҳукми билан Болгария ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўлаб беради.

Кейинчалик СССР парчаланиб кетганидан сўнг Исроилга тегишли самолётни болгарлар эмас, Болгария осмонини қўриқлаётган совет ҳарбийлари уриб туширгани маълум бўлади.

1962 йил 30 июн. Аэрофлот авиакомпаниясига қарашли Ту-104 самолёти Хабаровск-Москва йўналиши бўйича учаётганда Кросноярск ўлкаси ҳудудида қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 76 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзолари вафот этади.

Ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борган комиссия ҳалокатга самолётнинг булутлар орасига тушиб қолиши ёки унинг салонида содир бўлган иш сабаб бўлган деган хулосага келади.

Аммо самолёт бўлакларининг биридан диаметри 20 сантиметр бўлган тешик топилади. Тешикнинг атрофи куйган эди. Ту-104 зенит ракетаси билан уриб туширилганди. Аммо ўша пайтда советлар самолётнинг уриб туширилганини оммадан яширишади.

1973 йил 21 феврал. Ливия авиакомпаниясига қарашли Boeing 727 Триполидан Баҳрайнга учаётганда Мисрнинг Исмоилия шаҳри яқинида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилади. Оқибатда 108 киши ҳалок бўлади. 5 киши тирик қолади.

Кейинчалик аниқланишича, Қоҳирада тўхтаб ўтган самолёт ҳавога кўтарилгач қум бўронларига дуч келган ва йўналишдан адашиб Исроил ҳудудига ўтиб кетган. Исроилликлар самолёт террорчилар томонидан эгаллаб олинган деган гумонга боради ва уриб туширади.

1978 йил 20 апрел. Korean Air Lines авиакомпаниясига қарашли Boeing 707 самолёти Париждан Сеулга парвоз қилади. Самолёт учувчилари навигация хатоси туфайли йўналишдан адашиб Карелияда СССР ҳаво ҳудудига киради.

Шундан сўнг Су-15 қирувчи самолёти Boeing 707’га ракета отиб унга шикаст етказади. Шу тариқа Корея самолёти музлаган Корпиярви кўлига мажбуран қўндирилади.

Ўшанда самолёт бортида 97 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳодисада икки йўловчи ракета парчалари тегиб ҳалок бўлади, 13 киши яраланади.

Орадан икки кун ўтиб Boeing 707 йўловчилари АҚШ самолётида Мурманскдан Финландияга олиб кетилади. Кореялик учувчилар СССР ҳаво ҳудудини бузишда айбланиб ҳибсга олинади. Улар ўз айбини тан олиб афв сўрагач СССРдан чиқариб юборилади.

1978 йил 3 сентябр. Air Rhodesia авиакомпаниясига қарашли Vickers Viscount 782D самолёти Виктория шаршарасидан Солсбери (ҳозирги Хараре) шаҳрига учаётганда партизанлар томонидан СССРда ишлаб чиқарилган “Стрела-2” зенит комплекси ёрдамида уриб туширилади.

Оқибатда самолёт Карой шаҳри яқинига қулаб тушади ва унинг бортидаги 52 кишидан 34 нафари ҳалок бўлади. Яна 10 нафари партизанлар томонидан отиб ташланади. Қолган 8 киши партизанлардан қочиб қутулади.

1979 йил 12 феврал. Air Rhodesia авиакомпаниясига қарашли Vickers Viscount самолёти Карибадан Солсберига учаётганда партизанлар томонидан “Стрела-2” зенит комплекси ёрдамида уриб туширилади. Оқибатда самолёт бортидаги барча, 55 йўловчи ва 4 экипаж аъзоси ҳалок бўлади.

1980 йил 27 июн. Италия авиакомпаниясига қарашли McDonnel Douglas самолёти Болоня-Палермо йўналишида учаётганда Устика ороли яқинида денгизига қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 81 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

Ўшанда самолёт НАТО ҳарбийлари иштирокида ўтказилаётган машғулотлар пайтида учирилган ракета тегиб қулаб тушгани айтилади. Шунингдек, самолёт террорчилар томонидан олиб қочилган деган тахминлар ҳам билдирилади.

1983 йил 1 сентябр. Korean Air Lines авиакомпаниясига қарашли Boeing 747 Нью-Йорк-Сеул йўналиши бўйлаб учаётганда СССР ҳудудига киргани айтилиб, Су-15 самолёти томонидан уриб туширилади.

Оқибатда самолёт бортида бўлган 246 йўловчи ва 23 экипаж аъзоси ҳалок бўлади. Ҳалок бўлганлар орасида АҚШ конгресси аъзоси Ларри МакДоналд ҳам бор эди. Ўшанда СССР на узр сўрайди, на товон пули тўлайди. Аксинча ҳодисада кореяликларнинг ўзини айблаб чиқади.

1988 йил 3 июл. Iran Air авиакомпаниясига қарашли Airbus A300 Бандар Аббос-Дубай йўналишида парвоз қилаётганда АҚШга қарашли Vincennes крейсеридан учирилган ракета билан уриб туширилади.

Оқибатда самолёт бортида бўлган барча – 290 киши ҳалок бўлади. Ўшанда АҚШ ҳарбийлари Airbus A300’ни ҳарбий самолёт деб тахмин қилгани айтилади. 1996 йилда АҚШ ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон пулларини тўлаб беради.

2001 йил 4 октябр. Россиянинг “Сибир” авиакомпаниясига қарашли Ту-154 самолёти Тел-Авивдан Новосибирскка учаётганда Қора денгиз устида қулаб тушади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 66 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси ҳалок бўлади.

Халқаро комиссия хулосасига кўра, самолёт ҳарбий машғулотлар вақтида учирилган Украинанинг С-200 зенит-ракета мажмуаси билан уриб туширилган.  Кейинроқ Украина ҳалок бўлганларнинг яқинларига товон пули тўлаб беради.

2014 йил 17 июл. Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 777 самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётганда Украина шарқидаги Донецк вилоятида қулаб тушади.

Оқибатда самолёт бортида бўлган 283 йўловчи ва 15 экипаж аъзоси ҳалок бўлади. Кейинроқ мазкур самолёт Россиянинг “Бук” ракетаси билан уриб туширилгани маълум бўлади. Бироқ Россия томони ушбу ҳодисага алоқадорлигини инкор этиб келмоқда.

2020 йил 8 январ. Украина авиакомпаниясига қарашли Boeing 737 самолёти Теҳрон-Киев йўналишида парвоз қилиш учун ҳавога кўтарилганда иккита ракета билан уриб туширилади. Оқибатда самолёт бортида бўлган 176 нафар одам ҳалок бўлади.

Орадан уч кун ўтиб 2020 йил 11 январ куни Эрон томони самолёт хатолик туфайли Эрон ҳарбийлари томонидан уриб туширилганини маълум қилади. Сўнг ҳодиса учун Украина ҳукумати ҳамда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларидан узр сўрайди.

Эронликлар баёнотига кўра, авиалайнер Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига қарашли муҳим ҳарбий объектлардан бирининг тепасидан учиб ўтган. Ҳарбийлар самолётни “душман объекти” деб ўйлаган ва бош штаб рухсатисиз уриб туширган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид