Россиянинг Украина бўйлаб зарбалари оқибатида бир кунда 20 киши ҳалок бўлди
Тунги ҳужумдан Донецк, Харкив, Полтава, Суми ва Одесса областлари жабрланган.

Nadia Karpova / Reuters / Scanpix / LETA
8 мартга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Донецк областидаги Доброполе фронтолди шаҳрига ракета ва дронлар билан зарба берди, расмийларга кўра, 11 киши ҳалок бўлиб, 40 дан ортиқ киши яраланган. Россия ҳарбийлари ҳужумлари Донбассдаги бошқа аҳоли яшаш пунктларида яна олти кишининг ҳаётига зомин бўлган. Харкив областининг Богодухов шаҳрида дронлар ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Россия ҳарбийлари тинч аҳолининг ўлимига изоҳ бермаяпти.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари шанба куни эрталаб Россия шанбага ўтар кечаси Украинага 145 та зарбдор дрон ва дрон-имитаторлар, шунингдек, иккита «Искандер-М»/KN-23 баллистик ракетаси ва битта «Искандер-К» қанотли ракетаси билан ҳужум қилганини маълум қилди.
Тунги ҳужумдан Донецк, Харкив, Полтава, Суми ва Одесса областлари жабрланган.
Донецк области: 17 қурбон
Россия ҳарбийлари 7 март, жума куни кечқурун фронт яқинидаги Доброполе шаҳрини ўққа тутди. Аҳоли зич жойлашган ҳудуд зарба остида қолган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ҳужум пайтида саккизта беш қаватли уй, маъмурий бино ва 30 та автомобил вайрон бўлган ёки шикастланган. Зарбага учраган биноларда ёнғин чиққан.
Ҳужум оқибатида шаҳарда 11 киши ҳалок бўлди, 47 киши яраланди, улардан беш нафари болалар, деб хабар берди қутқарувчилар ва област ҳарбий маъмурияти.
Донецк области прокуратураси маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар «Искандер-М» ва «Торнадо-С» ракеталари, шунингдек, дронлар орқали йўлланган.
Россия ҳарбийлари Доброполе ўққа тутилиши юзасидан изоҳ бермади.
«Бундай зарбалар Россиянинг мақсадлари ўзгармаслигини кўрсатади. Шунинг учун инсонлар ҳаётини муҳофаза қилиш учун ҳамма ишни қилишда давом этиш, ҳаво ҳужумидан мудофаамизни мустаҳкамлаш, Россияга қарши санкцияларни кучайтириш жуда муҳим», — деди Украина президенти Володимир Зеленский Доброполе шаҳрига зарба юзасидан муносабатида.
Расмийларга кўра, вайроналарни тозалаш ва ёнғинни ўчириш вақтида шаҳарга яна зарба берилган, натижада қутқарувчи ҳалок бўлган.
Доброполе Россия армияси эгалламоқчи бўлган Покровскдан 20 км шимолда жойлашган. Бир кун аввал BBC Украина қуролли кучлари бу йўналишда қарши ҳужумга ўтгани ҳақида хабар берган эди.

Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг маълум қилишича, 8 март куни Донецк области бўйлаб зарбалар пайтида яна олти киши ҳалок бўлган: уч киши Покровскда, бир киши яна бир фронт яқинидаги Константиновка шаҳрида, бир киши Мирноградда ва яна бир киши Иванополе қишлоғида.


Харкив области: уч киши ҳалок бўлди
Харков областининг Богодухов шаҳрида тинч аҳоли вакилларидан яна уч нафари ҳалок бўлди.
Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, 8 мартга ўтар кечаси гўшт комбинати ҳудудига Shaheed типидаги тўртта зарбдор дрон келиб тушиши оқибатида ёнғин рўй берган.
Вайроналар остидан уч киши жасади (гўшт комбинати ишчилари) чиқариб олинди, яна етти киши яраланган.
Россия ҳарбийлари Богодухов ўққа тутилиши юзасидан изоҳ бермади.

Одесса: дрон ҳужумидан кейинги ёнғинлар
Жума куни кечқурун Россия ҳарбийлари Одессага яна дронлар билан зарба берди, деди област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер.
«Шикастланиш ва вайронагарчиликлар бор. Вайроналар қулаши натижасида саноат биноси ва ёнилғи қуйиш шохобчаси ёниб кетди», — деди у.
Одесса областига кетма-кет бешинчи кеча зарбалар берилмоқда. Россия ҳарбийлари Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар юзасидан кунлик ҳисоботида бу ҳудуд ўққа тутилишига тўхталмаган.
8 март куни Россия Мудофаа вазирлиги дронлар ва ракеталар билан «ҳарбий аэродромлар инфратузилмаси, Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ишини таъминловчи энергетика объекти, ишлаб чиқариш цехлари, сақлаш омборлари ва учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш пунктлари»га зарба берилганини маълум қилди.
Эълон қилинган суратларда дронларнинг янги ҳужуми натижасида Одессада кучли ёнғинлар бошлангани акс этган. Қутқарувчиларга кўра,қишлоқ хўжалиги техникалари жойлашган ангар ёниб кетган, муҳим инфратузилма шикастланган, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ.
Украина иттифоқчилари Россия ҳужумларини қоралади.
Ўнлаб тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган «жирканч» зарбалар, «ваҳший тажовуз бизнинг Украинани қўллаб-қувватлашга бўлган қатъиятимизни янада кучайтиради», деб ёзди Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмм X ижтимоий тармоғида.
Мавзуга оид

13:19
Маск: Starlink ҳеч қачон Украинадаги ўз терминалларини ўчириб қўймайди

23:40 / 09.03.2025
Украина Қрим кўпригини бутунлай яксон қилиш бўйича янги операция тайёрламоқда

20:11 / 09.03.2025
Россиялик ҳарбийлар Суджага газ қувури орқали ҳужум қилди

19:14 / 09.03.2025