Ўзбекистон | 12:14 / 07.03.2025
2789
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўлларни таъмирлаш мавсуми бошланди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қишдан кейинги кўчалар ҳолатини ўрганиб, уларни жорий ва капитал таъмирлашни бошлади. Маълум қилинишича, қопламанинг чидамлилигини таъминлайдиган технологиялар ва материаллар қўлланади. Ишлар асосан энг кўп юклама тушадиган соатлардан ташқарида ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахтда йўлларни таъмирлаш мавсуми бошланаётгани ҳақида хабар қилди.

«Қиш мавсуми тугаши билан пойтахтда кўча-йўл тармоғини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича фаол ишлар бошланади. Ўзбекистон Республикаси президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларини амалга ошириш, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шаҳар аҳолиси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиши учун қулайликларни ошириш мақсадида Тошкент шаҳрининг транспорт оқими фаол бўлган кўчалари ҳолати текширилди», дейилади хабарда.

Таҳлил натижаларига кўра, 2025 йилда жорий ва капитал таъмирлаш талаб қилинадиган кўчалар рўйхатини ўз ичига олган манзилли таъмирлаш дастури ишлаб чиқилган. Дастур доирасида умумий майдони 65 000 метр квадратдан ортиқ бўлган йўлларни таъмирлаш режалаштирилган.

Ишлар қопламанинг узоқ муддат чидамли бўлишини таъминлайдиган технологиялар ва материалларни қўллаган ҳолда ихтисослаштирилган бўлинмалар томонидан 7 мартдан бошлаб амалга оширилади.

Тирбандликларнинг олдини олиш ва ноқулайликларни камайтириш мақсадида йўл ишлари асосан транспорт ҳаракати энг кам бўлган соатларда ташкил этилади.

Ҳозирча айнан қайси кўчаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши маълум қилинмади.