Ўзбекистон | 15:54 / 07.03.2025
2084
4 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси 9,3 млрд сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотларини йўқ қилди

Божхона ходимлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 132 минг қути тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди. Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ҳажми 2024 йил давомида 19 фоиздан 9,6 фоизга камайган. Бунга чегара божхона постларида ўрнатилган рентген қурилмалари ҳамда хорижий давлатларнинг божхона тизимлари билан ўрнатилган интеграция катта ёрдам берган.

Жорий йил 6 март куни Янгиҳаёт туманидаги заводларнинг бирида қиймати 9,3 млрд сўмлик 132 минг қути тамаки маҳсулотлари ёқиб, йўқ қилинди. Ушбу тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. Тадбирда илк бор “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилига мос равишда сигаретлар қоғоз ўрамларидан алоҳида ажратиб олинди ва ёқилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ҳажми 2024 йилнинг январ ойида 19,4 фоизни ташкил этган, йил якунига бориб бу кўрсаткич 9,6 фоизга камайган.

Бу тадбирлар профилактик аҳамиятга эга, яъни шу жараённи кўрган, келгусида шу каби қонунбузилиши ҳолатларини содир этиш истагида юрган шахсларни йўлдан қайтаришга хизмат қилади. Яна бир жиҳати, ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларининг аскарияти Ўзбекистон ҳудудидан транзит тарзида ҳаракатланаётган транспорт воситаларига ортган ҳолда кейинчалик уларни ички ҳудудда тушириб қолдиришга уринишлар кўпроқ кузатиларди. Шу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўтган йилнинг октябр ойида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Шу билан эндиликда товар эгалари божхона органларининг депозит ҳисобрақамларига маълум бир пул маблағини қўйишади. Сўнг республикага кирган, транзит тарзида ўтиши керак бўлган тамаки маҳсулотлари чиқиб кетгандан кейин улар қайтарилади. Бу амалиёт натижасини бериб улгурди”, - дейди Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев.

Бундан ташқари, қўмита 10 та давлатнинг божхона тизимлари билан ўзаро интеграция ўрнатган. Тангриевга кўра, бу амалиёт мазкур мамлакатлардан Ўзбекистонга чиқаётган товарлар ҳақидаги маълумотлар ҳали ўша юк транспорт воситаси келмасидан олдин келиб тушади. Шунингдек, тамаки ортилган юк, темирйўл транспорт воситалари рентген қурилмалари ўрнатилган чегара божхона постларидан ҳаракатланиши белгиланди.

Маълум бўлишича, 2025 йилнинг ўтган даврида 137 та ҳолатда қиймати 9,3 млрд сўмлик 305 минг қути тамаки маҳсулотлари фош қилинган.

Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориевнинг айтишича, ноқонуний тамаки олиб киришнинг янги усуллари пайдо бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, 22 феврал куни “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тасарруфидаги божхона омборларидан бирида ҳамда Бухородаги “Хўжадавлат” темирйўл чегара божхона постида тезкор тадбирлар ўтказилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам тамаки маҳсулотлари травертин плиталари орасига яширилгани аниқланган.

Ўша ҳолатларда суриштирув ўтказган пайтимизда, улардан сўрадик. Шунда бири “биз йўналишларни ўргандик, тошлар орасига қўйиб ўтказсак, сизларнинг рентгенларинг аниқлолмас экан. Бизга бу бўйича йўналиш беришди”, деб айтувди. Мана, биз замонавий техникалар орқали 2 та ҳолатни аниқладик”, - дейди Чориев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳолатларда ҳуқуқбузарлардан 155 минг 590 қути тамаки маҳсулотлари олиб қўйилган. Уларнинг қиймати 7,5 млрд сўмдан ошган. Қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, барча божхона постларига рентген қурилмалари ўрнатилиб, тегишли ишлар амалга оширилгандан кейин мамлакатга қонуний тамаки импорти сезиларли ошган. Хусусан, 2023 йилда 656,3 минг АҚШ доллари қийматидаги тамаки маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, 2024 йилда бу рақам салкам 18,5 млн АҚШ долларини ташкил этган.

Мавзуга оид