Apple Британия махсус хизматларини судга берди
Бунга қироллик ҳукумати компания мижозларининг iCloud маълумотларини тақдим этишни талаб қилгани сабаб бўлди.

Фото: Getty images
Американинг Apple корпорацияси Буюк Британия Тергов бўйича трибуналига қироллик ҳукумати устидан шикоят киритди. Бунга мамлакат махсус хизматларига iCloud фойдаланувчиларининг шифрланган маълумотларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш талаб қилингани сабаб бўлди, деб ёзади Financial Times.
Бир ой олдин Британия ҳукумати Appleʼдан махсус хизматларга iCloud’га юкланадиган барча маълумотлардан фойдаланиш имкониятини беришни талаб қилганди. Ҳозирда бундай имконият фақат фойдаланувчиларнинг ўзларида бор. Бу турдаги контентни ҳатто Appleʼнинг ўзи ҳам кузата олмайди.
Феврал охирларида Америка корпорацияси булутли сервиснинг британиялик фойдаланувчилари учун «маълумотларнинг кенгайтирилган ҳимояси» функциясини ўчириб қўйди.
Apple бунга қадар вазиятга ҳеч қандай изоҳ бермай келаётганди, чунки бундай сўров қабул қилинганини ошкор этишнинг ўзи жиноят ҳисобланади. АҚШ Миллий разведкаси бошлиғи Тулси Габбард эса Британия ҳукуматининг мазкур талабини америкаликларнинг махфийлик ва фуқаролик эркинлиги ҳуқуқларини «яққол бузиш» деб атади. Шунингдек, у Apple атрофидаги вазият МРБ, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Американинг бошқа разведка хизматлари томонидан текширилишини эълон қилди.