Литва гуржистонлик 74 нафар амалдорни «қора рўйхат»га киритди
Ушбу амалдорлар инсон ҳуқуқларини тизимли равишда бузиб келган бўлиб, улар орасида Гуржистон Конституциявий судининг 7 нафар судяси ҳам бор.
Литва гуржистонлик 74 нафар амалдорни ўзининг «қора рўйхати»га қўшиб, уларнинг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда Литва ТИВ баёнотига таяниб, Anadolu хабар берди.
Қайд этилишича, амалдорлар инсон ҳуқуқларини тизимли равишда бузиб келганликлари учун рўйхатга киритилган. Улар орасида Гуржистон Конституциявий судининг етти нафар судяси, шунингдек, бошқа судялар, прокурорлар ва полиция ходимлари ҳам бор.
Маълум қилишича, «журналист Мзия Амаглобелига қарши ёлғон кўрсатма берган ва унинг ноқонуний равишда қўлга олинишида иштирок этган» шахсларга нисбатан ҳам чекловлар қўлланилган.
Баёнотда айтилишича, Болтиқбўйи давлатлари қарийб 100 кундан бери «ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг ҳаракатларига» қарши намойиш ўтказаётган Гуржистон халқини қўллаб-қувватлайди.
2024 йил ноябр ойида «Гуржистон орзуси» партияси мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар тўхтатилишини расман эълон қилганди. Ушбу қадам кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.
Аввалроқ Гуржистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида мансабдор шахсларни ҳақорат қилиш бўйича янги модда пайдо бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Бундан ташқари, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима ва қамоққа олиш муддатлари оширилган, Жиноят кодексига ҳам ўзгартиришлар киритилган.
Мавзуга оид

10:38 / 07.03.2025
Литва кассетали ўқ-дорилар бўйича конвенциядан расман чиқди

16:59 / 06.03.2025
Шавкат Мирзиёев 6 та давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

08:12 / 06.03.2025
Ўзбекистон ва Гуржистон савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда

20:45 / 05.03.2025