Ўзбекистон | 20:45 / 05.03.2025
4774
3 дақиқада ўқилади

Президент Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзени қабул қилди

Олий мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга Гуржистон президенти Михаил Кавелашвилининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Шундан сўнг томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Шавкат Мирзиёев 5 март куни Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Учрашув аввалида олий мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга Гуржистон президенти Михаил Кавелашвилининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш 50 фоизга ошди, қўшма корхоналар сони ва юк айланмаси ҳажми кўпайди. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда гуржистонлик инвесторлар иштирокида ташкил этилган рақамли банк фаолият юритмоқда. Гуманитар йўналишда ўтган йили Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Суҳбатда шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишининг якунлари юксак баҳоланди.

«Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларини иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб қилиш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда рақамлаштириш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги шериклик ва алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида келгусида Ўзбекистон ва Гуржистон ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Гуржистон бош вазири Ўзбекистонга 4 март куни етиб келганди. Ташриф аввалида у «Янги Ўзбекистон» боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг Ираклий Кобахидзе «Технопарк»да бўлди, бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқалар билан учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид