Фан-техника | 14:18 / 02.03.2025
5639
6 дақиқада ўқилади

Янги “аждарҳо жангчиси”, космосга туристик парвоз ва “ақлли” ғилоф — технодайжест

Хитойликлар роботга ҳам кунг-фу усулларини ўргатишди. Яқин келажакда туристларнинг саёҳат манзили ердан фазо томон ўзгариши мумкин. Blue Оrigin компанияси 6 нафар йўловчини фазога олиб чиқди. Аdobe компанияси iPhone фойдаланувчилари учун янги имкониятларга эга Photoshop иловасини ишлаб чиқди. Сўнгги ҳафтада технологиялар оламида кузатилган янгиликлар – Kun.uz технодайжестида.

Янги “аждарҳо жангчиси”

Хитойнинг Unitree компанияси одамсимон G1 роботининг иш функцияларини кенгайтирди. Эндиликда робот кунг-фу усулларини ҳам бажара олади.

G1 бунгача салто отиш, рақс тушиш, ёнғоқ чақиш ва тост тайёрлаш каби мураккаб ҳаракатларни қила олиши билан машҳур бўлганди. Янги бошқарув алгоритми роботнинг баланс ва ҳаракат репертуарини янада ривожлантириб, унга жанг санъати элементларини ҳам қўшган.

Unitree'нинг G1 модели ишлаб чиқарувчилар томонидан 16 минг долларга баҳоланяпти. Компания инновацион қурилмасини оммавий жойларда намойиш этишини ҳисобга олсак, хитойликлар кўчаларда юришда эҳтиёт бўлиши керак. Робот жанг санъатини яхшигина ўзлаштириб олди.

Бепул Microsoft Office

Microsoft Windows операцион тизими учун бепул Оffice версиясини синовдан ўтказяпти. Фойдаланувчилар ушбу дастурдан реклама ва баъзи чекловлар билан фойдаланишлари мумкин.

Асосий чекловлар: ён панелда реклама баннерлари чиқиб туради. Ҳар бир неча соатда 15 сонияли видео рекламалар чиқади. Ҳужжатларни фақат OneDrive'да сақлаш мумкин, локал хотира йўқ.

Шунингдек, баъзи функциялар ўчирилган: Wordʼда чизиш ва дизайн воситалари мавжуд эмас. Excel'да функционалликни кенгайтирувчи қўшимча дастурий модуллар, динамик жадваллар ва макрослар қўллаб-қувватланмайди. PowerPoint'да эса диктофония ва махсус слайдлар йўқ.

Ҳозирча Microsoft'да ушбу бепул версияни тўлиқ чиқариш режалари йўқ. Ҳиндистонда ўзказилаётган тест синовларининг натижалари компаниянинг кейинги қарорларига таъсир ўтказиши мумкин.

Космосга туристик парвоз

Blue Origin компанияси NS-30 миссияси доирасида ўзининг навбатдаги туристик космик парвозини амалга оширди. Бу сафар New Shepard ракетаси бортида 6 нафар йўловчи билан фазога чиқди. Парвоз 10-12 дақиқа давом этди ва капсула муваффақиятли равишда Ердаги белгиланган нуқтага қўнди.

Парвоз давомида иштирокчилар бир неча дақиқа вазнсизлик ҳолатида бўлган ва Ерни космос фонида кузатишган.

Йўловчилар орасида New Shepard'да иккинчи парвозини амалга оширган тадбиркор Лейн Бесс, телебошловчи Хесус Калеха, физик ва тадбиркор Элейн Чия Хайд, репродуктив эндокринолог Ричард Скотт ва ҳеж-фонд ҳамкори Тушар Шаҳ ҳам бўлган. Экипажнинг олтинчи аъзоси ким экани номаълум. Яқин келажакда туристларнинг саёҳат манзили ердан фазога кўтарилса ҳам ажаб эмас.

iPhone учун Photoshop

Adobe компанияси iPhone фойдаланувчилари учун янги Photoshop мобил иловасини тақдим этди. Ушбу илова аввалги Photoshop Express'дан анча кучли бўлиб, унга desktop версияда мавжуд функциялар ҳам қўшилган.

Дастурнинг Android версияси йил охиригача чиқарилиши режалаштирилган.

Янги Photoshop иловасида қатламлар, ниқоблар, танлаш ва тасвир композицияси воситалари, Firefly АИ асосидаги “генератив тўлдириш” ва “генератив кенгайтириш” функциялари мавжуд. Шунингдек, Creative Cloud билан ҳам интеграциялашган.

Кенгайтирилган имкониятлар, жумладан, “Объектларни танлаш”, “Сеҳрли таёқча”, “Таркибни ҳисобга олган ҳолда тўлдириш” ва “Штамп” функцияларидан ойига 8 ёки йилига 70 доллардан тўлаб фойдаланиш мумкин.

Ҳозирча Адобе Photoshop Express ва янги Photoshop иловаси орасидаги фарқлар бўйича расмий баёнот бермади.

Қора қулупнайли” ғилоф

Clicks компанияси ўзининг BlackBerry услубидаги клавиатура билан жиҳозланган ғилофлари ассортиментини кенгайтиряпти. Энди ушбу турдаги аксессуарлар iPhone моделларидан ташқари Android смартфонлари учун ҳам чиқарилади.

Қайд этилишича, янги Clicks ғилофлари Motorola Razr 2024, Google Pixel 9 ва Pixel 9 Prо ҳамда Samsung Galaxy С25 смартфонлари учун ҳам мавжуд бўлади.

Ғилофлар билан бирга Clicks Keyboard иловаси ҳам тақдим этилади, бу орқали фойдаланувчилар клавиатура тугмаларининг функцияларини созлаши мумкин. Илованинг дизайни iPhone версияга ўхшаш бўлиб, юмалоқ ва енгил эгилган тугмалар матн теришни янада қулайлаштиради.

Clicks ғилофлари ёритиладиган клавиатура ва тезкор тугмалар билан таъминланган. Инновацион қурилма ўз батареясига эга эмас, балки USB-C орқали смартфондан қувват олади.

Ақлли ғилофлар Android смартфон моделига қараб 49 доллардан 139 долларгача бўлган нархларда сотувга чиқарилади.

Ўзбекистонда Temu фаолияти тўхтатилиши мумкин

Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейси блокланиши мумкин. Бунга платформа раҳбарияти томонидан мамлакатда ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишга ҳали ҳам ариза берилмагани сабаб сифатида келтириляпти.

“Ёки улар Ўзбекистонга келиб, шу ерда шуъба корхонасини очади ёки солиқ идораларидан рўйхатдан ўтиб, ҚҚС (Қўшилган қиймат солиғи) тўловчига айланади”, – дея таъкидлаган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак.

Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан бошлаб электрон тижорат операторлари Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Ушбу талаб бажарилмаса, нафақат Temu, балки AliExpress, Amazon ва Ozon каби бошқа қатор маркетплейслар фаолиятига ҳам чекловлар киритилиши мумкин.

Гавҳар Зиёдуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид