Жаҳон | 11:56 / 28.02.2025
3579
2 дақиқада ўқилади

Шахмат бўйича 10-жаҳон чемпиони Борис Спасский вафот этди

Борис Спасский 88 ёшда эди. 1969 йилда у Тигран Петросянни мағлуб этиб, ўнинчи жаҳон чемпиони бўлди. Буюк шахматчи 35 йил эмиграцияда яшади.

Фото: AP

Совет, француз ва рус шахматчиси, 10-жаҳон чемпиони Борис Спасский 88 ёшида вафот этди. Унинг вафоти ҳақида 27 феврал, пайшанба куни Россия шахмат федерацияси президенти Андрей Филатов маълум қилди.

Борис Спасский 1937 йил 30 январда Ленинградда туғилган. Урушдан кейин дарҳол шахмат ўйнашни бошлади. 1953 йилда Спасский Бухарестдаги халқаро турнирда дебют қилди, у ерда 1955 йилда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан биринчи совет шахматчиси бўлди ва ўша пайтда тарихдаги энг ёш гроссмейстерга айланди.

1969 йилда Москвада бўлиб ўтган баҳсда Борис Спасский Тигран Петросянни мағлуб этди ва ўнинчи жаҳон чемпиони бўлди. 1972 йилда Рейкявикда у шахмат тожини америкалик Роберт Фишерга бой берди.

1976 йилда шахматчи Францияга кўчиб кетиб, Москвадаги Франция элчихонаси ходимига уйланди. 1984 ва 1986 йилларда шахмат олимпиадаларида Франция терма жамоасини бошқарган. 1990-йилларда Спасский йирик турнирларда ўйнашни деярли тўхтатди. 2012 йилда у Россияга қайтиб келган.

Мавзуга оид