Ўзбекистон | 19:54 / 28.02.2025
4469
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар дорига қанча пул сарфлайди?

Фискал чеклар бўйича тўпланган маълумотларга кўра, ўтган йили ўзбекистонликлар дори воситаларига жами 19,7 трлн сўмдан ортиқ пул сарфлаган. Аҳоли жон бошига энг юқори харажатлар Тошкент шаҳри (1,7 млн сўм), Бухоро (746 минг сўм) ва Самарқанд вилоятларида (660 минг сўм) қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда дори-дармон энг кўп сотиладиган маҳсулотлардан бири. Пойтахтнинг айрим кўчаларида дорихоналар сони озиқ-овқат дўконлари сонидан ошиб кетганидан ҳам буни сезиш мумкин.

Солиқ қўмитасининг Kun.uz’га фискал чеклар таҳлили бўйича тақдим қилган маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар 2024 йилда дори воситаларига жами 19,7 трлн сўмдан ортиқ пул сарфлаган. Шундан 15,7 трлн сўмдан кўпроғи импорт препаратлар, 4 трлн сўм маҳаллий ишлаб чиқарилган препаратлар ҳиссасига тўғри келган. 

Аҳоли жон бошига нисбатан тўғри келадиган энг юқори харажатлар қуйидаги ҳудудларда қайд этилган:

  • Тошкент шаҳрида – 1,7 млн сўм;
  • Бухоро вилоятида – 746 минг сўм;
  • Самарқанд вилоятида – 660,7 минг сўм.

Энг кам харажатлар:

  • Қашқадарё вилоятида – 308,9 минг сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикасида – 302,3 минг сўм;
  • Сурхондарё вилоятида – 289,5 минг сўм.

Умуман ўтган йилда дори воситалари учун энг катта харажатлар Тошкент шаҳри (5 трлн сўм), Самарқанд (2,6 трлн сўм) ва Фарғона вилоятида (1,5 трлн сўм) қайд этилган.

Энг кўп маблағ қуйидаги касалликларни даволаш учун мўлжалланган дори воситаларига сарфланган:

  • юрак-қон томир касалликлари;
  • инфекцион касалликлар;
  • оғриқ қолдирувчи воситалар;
  • асаб тизими касалликлари;
  • ошқозон-ичак касалликлари

Дори воситалари импорти

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга 1 млрд 744,7 млн доллар фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинган. Шундан 1,5 млрд долларлик маҳсулотлар айнан чакана савдо учун олиб кирилган дори воситалари ҳиссасига тўғри келган. Таққослаш учун, ўтган йилда 0,5 млрд долларлик гўшт маҳсулотлари, 258 млн долларлик ун ва ун маҳсулотлари, 373 млн долларлик ўсимлик ёғлари импорт қилинган. Умумий озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти эса 3 млрд 917 млн долларни ташкил этган.

Мавзуга оид