Ўзбекистон | 15:34 / 28.02.2025
2917
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фанга номаълум 2 қўнғиз тури кашф қилинди

Бухоро, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон ҳудудидан шу пайтгача фанда номаълум бўлган 2 қўнғиз тури кашф қилинди. Янги турларга “microdera uzbekistanica” va “microdera abdullohi” номи берилди.

Бухоро, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон ҳудудидан шу пайтгача фанда номаълум бўлган 2 қўнғиз тури кашф қилинди. Бу ҳақда Хоразм Маъмун академияси докторанти Нодир Бекчанов Kun.uz’га маълумот берди. У бир неча йиллардан буён россиялик энтомолог олим Максим Набоженко билан Ўзбекистон энтомофаунасини тадқиқ қилиб келаётганини айтди. Олимга кўра, янги турларга “microdera uzbekistanica” va “microdera abdullohi” номи берилган.

Бу турлар “Tenebrionidae” оиласига мансуб бўлиб, “microdera uzbekistanica” Кулжуктоғ ҳудуди (Бухоро ва Навоий вилоятлари)да ва “microdera abdullohi” тури эса Султон-Увайс тоғи ҳудуди (Қорақалпоғистон)да тарқалган. Aсосан тунда фаоллашадиган бу турлар қуруқ муҳит учун жуда мослашган эндемиклардир. Мазкур уруғ турлари бутун дунё бўйича 88 тани ташкил қилиб, бу кўрсаткич энди яна 2 тага кўпайди”, – деди у.

Норбекнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудуди энтомофаунаси тўлиқ тадқиқ этилмаган. Айниқса мустақилликдан сўнг Ўзбекистон ҳудудида янги ҳайвон турлари кашф қилиниши деярли кузатилмай қўйган эди. “Аммо сўнгги йилларда чуқур тадқиқотлар олиб бориляпти ва бу янги турларнинг кашф қилинишида бу ўз аксини топяпти. Энтомология соҳаси янги босқичга чиқиб, халқаро майдонда ўз ўрнини эгаллай бошлади”, – деб қўшимча қилди олим.

Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон ихтиофаунаси учун янги бўлган балиқ тури кашф этилгани ҳақида маълум қилинган эди.

Мавзуга оид