Ўзбекистон | 18:13 / 13.02.2025
3081
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида чиқинди йиғими нархлари ошди

Таъкидланишича, мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади.

Тошкент ҳамда Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди.

Унга кўра, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида (Бекобод ва Нурафшон шаҳри ҳамда Зангиота тумани) жисмоний шахслар, яъни аҳоли учун 7 840 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун 82 880 сўм тўлов миқдори белгиланди.

Белгиланган тўлов тарифи Тошкент вилояти «Иброҳимжон ишонч» МЧЖ, «Шабнам-обод-сервис» МЧЖ, «Аҳмаджон омад барака» ХК, «Дилшод Муродбарака» ХК, «Метал-механик-мастер» МЧЖ, «Орзу ишонч файз» МЧЖ, «Дилхумор сервис» МЧЖ, «Обод ҳудуд сервис» МЧЖ, «Искандар сервис лукс» МЧЖ, «Макс қур лидер махсус» МЧЖ ҳамда «Нурафшон-обод-ҳудуд» МЧЖлар каби санитар тозалаш корхоналари учун тасдиқланган.

Шунингдек, Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида (Ғозғон шаҳри ҳамда Хатирчи, Навбаҳор, Нурота ва Конимех туманлари) жисмоний шахслар яъни аҳоли учун 4 950 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун 80 080 сўм миқдорида тўлов тасдиқланди. Белгиланган тўлов тарифи «Мироншох cомфорт сервис» МЧЖ санитар тозалаш корхонаси учун амал қилади.

Маиший чиқиндиларни жойлаштириш, сақлаш, утилизация қилиш, зарарсизлантириш хизмати учун Навоий вилояти бўйича 1 метр куб — 20 160 сўм ҳамда 1 тонна — 48 933 сўм этиб тасдиқланди.

«Мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарё вилоятида маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифлари оширилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид