Ўзбекистон | 21:25 / 27.02.2025
4180
5 дақиқада ўқилади

27 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Истеъдодли журналистнинг вафоти, терговдан ўлиги чиққан фермер, баҳордан 15 августгача ёпилаётган ов мавсуми ва МДҲда энг арзон ўзбек ресторанлари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Журналист Алишер Рўзиохунов 32 ёшида вафот этди

26 феврал куни журналист Алишер Рўзиохунов вафот этди. У охирги вақтларда оғир касаллик билан курашаётгани маълум қилинди.

Иқтидорли қалам соҳиби Kun.uz сайтида бир неча йил самарали фаолият олиб борган. У юзлаб ижтимоий ва ҳуқуқий мавзуларда материаллар тайёрлаб, жамият ривожига ҳисса қўшган. Шунингдек, «Мунозара клуби» каби катта лойиҳаларни ташкил этиб, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларини бир стол атрофида жамлаган.

2021 йилда Алишер Рўзиохунов «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланган. Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилди.

Терговга олиб кетилган фермернинг ўлиги чиқди

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида уч киши ўлдирилган қотиллик тергови жараёнида 50 ёшли фермер Тоҳир Ҳайитов ИИБ томонидан сўроққа олиб кетилди ва икки кундан сўнг вафот этди. ИИБ расмийлари унинг ўлими “юрак хуружи туфайли содир бўлгани”ни айтмоқда.

Марҳумнинг яқинлари жасадда қийноқ излари борлигини билдириб, унга босим ўтказилганидан шубҳаланмоқда. Шунингдек, у ҳибсда эканида қариндошларига ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилмоқда.

Суд ҳужжатларига кўра, Ҳайитов ўлимидан бир кун олдин бир аёл билан тортишиб қолган ва унга «майда безорилик» айби билан 6 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

ИИБ ва прокуратура вазият юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ. Марҳумнинг яқинлари адолат талаб қилмоқда.

1 мартдан 15 августга қадар ов мавсуми ёпилади

Экология вазирлиги 2025 йилнинг 1 мартидан 15 августига қадар Ўзбекистонда ов мавсуми ёпилиши, бу вақт давомида ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш қатъий тақиқлангани, ов қоидаларини бузиш жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Бу вақт давомида ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш қатъий тақиқланади. Вазирлик ов қоидаларини бузиш, хусусан, тақиқланган даврда ов қилиш қатъий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Вазирлик фуқаролардан ов мавсуми тугаган даврда табиатга янада эҳтиёткорона муносабатда бўлишни сўради.

Ўзбекистон давлат қарзи 40 млрд доллардан ошди

Ўзбекистон давлат қарзи 2024 йилда 5,3 млрд долларга ошиб, 40,2 млрд долларга етди. Унинг 33,7 млрд доллари ташқи қарз, 6,5 млрд доллари эса ички қарзни ташкил этади. Давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 35 фоизга етган.

Ташқи қарз асосан бюджетни қўллаб-қувватлаш (15,3 млрд доллар), ёқилғи-энергетика (5,7 млрд доллар) ва транспорт инфратузилмаси (2,8 млрд доллар) учун жалб қилинган. Энг йирик кредиторлар орасида Жаҳон банки (7,6 млрд), Осиё тараққиёт банки (7,4 млрд) ва Хитой молия ташкилотлари (3,8 млрд доллар) бор.

2025 йилда жалб қилинадиган ташқи қарз ҳажми 5,5 млрд доллар билан чекланган бўлиб, унинг катта қисми бюджет тақчиллигини молиялаштиришга йўналтирилади.

Тошкент вилоятига 170 та янги автобус олиб келинади

Тошкент вилоятининг 7 та шаҳрида 21 та йўналиш учун 170 та янги автобус харид қилинади. Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, транспорт воситалари тадбиркорлар ўртасида ўтказилган танлов асосида танланган ва яқин кунларда фойдаланишга топширилади.

Янгиланиш доирасида шаҳар автобус йўналишларига автоматлаштирилган электрон тўлов тизими жорий этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, жамоат транспорти етиб бормаган ҳудудларда 12 та янги йўналиш ташкил этилади. Автобуслар диспетчерлик марказига интеграция қилиниб, қатновларнинг самарадорлиги оширилади.

Ўзбекистон ресторанларидаги нархлар МДҲда энг арзони

Ресторан нархлари индекси бўйича 2025 йилги халқаро рейтингда Ўзбекистон 139 та давлат ичида 17-ўринни эгаллади. Ўзбекистон емакхоналарида индекс 20,8 бўлиб, бу кўрсаткич Ню Йоркдаги нархларга нисбатан 79,2 фоизга паст эканини билдиради.

МДҲ давлатлари орасида энг арзон ресторан хизматлари айнан Ўзбекистонда қайд этилди. Таққослаш учун: Қирғизистонда индекс 21,4, Россияда 21,8, Украинада 21,9, Қозоғистонда эса 28 ни ташкил қилди.

Дунё бўйича энг қиммат ресторанлар Швейцария, Исландия ва Баҳам оролларида, энг арзонлари эса Ливия, Мадагаскар ва Афғонистонда экани аниқланган.

Мавзуга оид