Ўзбекистон | 18:45 / 25.02.2025
8015
3 дақиқада ўқилади

“Видеоларни монтаж қилиб тарқатишяпти” – ЙҲХХ расмийси «no photo» қонуни ҳақида

ЙҲХХ ходимлари ҳақидаги видеоларни тўлиқ қўймасдан, айрим жойларини кесиб олиб, кинолардан ёки бошқа обрўсизлантирувчи лавҳалар қўшиб ижтимоий тармоқларда тарқатишяпти, дейди масъуллар. Шу сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг фото ва видеоларини бузиб тарқатганлик учун жарима ёки маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

21 февралдан кучга кирган МЖтКга киритилган ўзгаришларга кўра, хизмат вазифасини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг фото ва видеотасвирларини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик учун БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима ёки 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

25 феврал куни АОКА ЙҲХХ раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири расмийлардан ходимни обрўсизлантириш мақсадида видеоларини тарқатиш деганда айнан нима назарда тутилгани ҳақида сўради.

Жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган ҳолатлардан бири ЙҲХХ ходимларининг фото ва видеоларини обрўсизлантириш мақсадида тарқатиш учун жавобгарлик белгиланди. Лекин обрўсизлантириш дейилганда айнан нима назарда тутилаётгани очиқ қолган. Масалан, кимдир ЙҲХХ ходими томонидан ўз ҳуқуқлари бузилгани ҳақида пост қолдирса, бу ҳам обрўсизлантириш ҳисобланадими? Ёки бу ҳолатда унга ёмон изоҳ ёзганлар учун ҳам жавобгарликка тортиладими?

Эрали Бозоров, ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари:

– Саволингизга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Бу ерда фото ва видеоларни бузиб тарқатиш деган нарса турибди. Масалан, видеони олди, айрим кинолардан бир қисмини қўшиб, ўша ҳолатнинг ўзини эмас, аксинча, бузиб кўрсатиш юзага келган. Мана шунинг оқибатида келинади…

Битта нарсани тўғри тушунишимиз керак, фақат ЙҲХХ ходимлари эмас, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар ҳақида гап кетяпти. Мана шу бузиб кўрсатгани аниқланса…

Ундан ташқари яна битта нарсани айтмоқчиман, ЙҲХХ ходимлари ножўя ҳаракат қилган бўлса, ўша олинган видеотасвир ва далилларни бемалол бизнинг Ўз хавфсизлик хизматига, раҳбариятимизга мурожаат қилиши мумкин. Нотўғри баённома расмийлаштирилди, деб онлайн мурожаат қилиш ҳам мумкин. Ходим ноҳақ бўладиган бўлса, унга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.

Азизхон Муродов, ЙҲХХ ходими:

– Бу ерда видео ва фотоларни бузиб тарқатишга айтиляпти. Тажрибамизда кўряпмизки, ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб тарқалаётган ҳолатларда воқеани бошидан қўймайди. Айнан уришган жойини ёки бошқа жойини кесиб олади-да, ҳар хил кинолардан, стикерлардан ёки ходимни обрўсизлантирувчи ҳолатларга олиб келувчи ҳақоратли лавҳаларни қўшиб, монтаж қилиб, кейин уни ижтимоий тармоқларда тарқатяпти. Ўша масала бу қонунда кўтариляпти, агар шундай ҳолатлар юзага келса, жазо чораси белгиланмоқда.

Мавзуга оид