Ўзбекистон | 20:37 / 25.02.2025
5726
10 дақиқада ўқилади

Баҳор яқин. Деҳқонларга қандай ёрдам керак?

Ўзбекистонлик деҳқонлар учун енг шимариб ишга киришадиган мавсум бошланмоқда. Kun.uz'нинг янги деҳқончилик мавсуми арафасида тайёрлаган иккинчи суҳбатида мутахассислар ғалла, мева-сабзавотчилик, ўғит ва уруғ навлари каби мавзуларда фермерларни қизиқтираётган саволларга жавоб беришди.

Камолиддин Икромов, Агробизнес ассоциацияси раҳбари: Ўтган кўрсатувимизда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг сўзлари ўзини оқлади – об-ҳаво ўзгаряпти. Олдимизда турган долзарб масалалардан бири – ғаллани озиқлантириш ва ғалла агротехникаси, шу бўйича керакли маслаҳатлар берсангизлар.

Дилшод Ғофуров, Пахтачилик институти катта илмий ходими: Ғаллани озиқлантириш эмас, минерал ўғитларига бўлган талаби ва қўллаш муддатлари ва меъёрлари бўйича тўхталмоқчиман. Ғалла турли омилларга: тупроқ, иқлим шароити, ҳаво ҳарорати, намлик, сувга бўлган талаб ва ўсимликнинг ҳолатига қараб азотли ўғитларни қирқ-қирқ беш фоизгача ўзлаштириши мумкин. Фосфорни эса ўн саккиз-йигирма фоизгача, калийни ўттиз саккиз-қирқ фоизгача ўзлаштиради.

Лекин ҳозирги пайтда асосий саволлардан бири – ғаллани озиқлантириш. Ғаллани озиқлантиришда, юқорида айтиб ўтганимдек, фурсат келди ёки йўқми, кўриб чиқиш керак. Бунда ўша, айтиб ўтганимдек, ғаллани озиқлантириш даврида, яъни вегитация даврида қайси озиқа элементларига эҳтиёжи борлигини билиш асосий вазифа ҳисобланади. Бунда асосан фосфорли ўғитларга бўлган талаб юқорироқ бўлади. Ҳаво ҳарорати кўтарилиб, йигирма икки-йигирма тўрт градусга ўтгандан кейин азот ўғитларини бериш тавсия қилинади.

Камолиддин Икромов: Лекин ҳозирги пайтда кўп фермер хўжаликларда фосфорли ўғитлар қўлланилмайди. Савол туғилмоқда: фосфорли ўғитларнинг ўрнини қандай қилиб қоплаш мумкин?

Дилшод Ғофуров: Фосфорли ўғитларни ўрнини қисман даражада ўз ўрнига қўйиш учун фосфорни суспензия сифатида баргдан озиқлантириш, фосфорли элементларга бой бўлган стимулятор ёки препаратларни қўллаш мумкин. Ҳаво ҳарорати кескин йигирма икки-йигирма градусга кўтарилганидан кейин, тупроқнинг намлиги ва тупроқ муҳитини ҳисобга олган ҳолда, биринчи озиқлантириш керак, яъни 150-200 кило селитра билан ўғит бериш маъқул ҳисобланади.

Камолиддин Икромов: Фермерлардан шунақа саволлар келяпти: "Кўпчилик аммофос билан экишга улгурмаган, ҳозир аммофосни солсак бўладими? Кейин, биринчи ўғитлашга аммоний сульфат ёки бошқалар билан ишласа бўладими?

Дилшод Ғофуров: Албатта, бўлади.

Камолиддин Икромов: Хабарингиз бор, картошкалар нархи жуда ҳам ошиб кетди. Ҳозир деҳқонлар кўпроқ айнан шу картошкани экишяпти. Ўтган сафар об-ҳаво бўйича прогноз берилганди: “Аномал об-ҳаво бўлиши мумкин, мисол учун, йигирма даражагача исиб туради-да, бирданига совуқ тушиб қолиши мумкин ёки қор ёғиб қолиши мумкин”, деб. Сабзавотчиларга қандай тавсиялар бера оласиз?

Рафиқжон Ҳакимов, Сабзавотчилик илмий тадқиқот институти лаборатория мудири: Бугунги кунда бозорларимизда охирги кунларда нарх-наволар ҳам анча барқарорлашиб қолди, картошка нархлари тушди. Лекин, умуман олганда, картошка экиш муддати бугунда энг оптимал муддатлар ҳисобланади. Жанубий воҳаларда январ ойларидан экиш бошлашади, айниқса улар плёнка остига ундирилган картошкаларни экишади.

Бошқа воҳаларда, яъни шимолий ва марказий воҳаларда, февралнинг иккинчи ярмига тўғри келадиган муддат оптимал ҳисобланади. Картошкани экишга катта аҳамият берилади. Баҳорги муддатда албатта эрта пишар ва эрта-ўрта пишар навларни экиш керак. Ўрта ёки кеч пишар навларни экадиган бўлсак, картошканинг биологиясидан келиб чиққан ҳолда, агар у иссиққа тушиб қоладиган бўлса, 25 даражадан кейин юқори ҳароратда тугмайди. Шунинг учун бизда, Ўзбекистонда, асосан эрта пишар ва эрта-ўрта пишар навларни экиш тавсия этилади.

Эрта баҳорда албатта ундирилган картошкаларни экиш керак. Ундирилган картошка нима? Кузда йиғиб олинган уруғлик картошкалар, эрта пишар навлар табиий равишда унишни бошлайди. Жараённи тезлаштириш мақсадида деҳқонларимиз иссиқхоналарга уларни олиб киришади, камида 18-20 даража ҳароратда очиқ жойда картошкани ундиришади. Картошкани ундириб, кейин очиқ майдонга экилганда, ердан тез униб чиқишига ва ҳосил эрта пишишига ёрдам беради. Агар ундирилмаган картошкани экадиган бўлсак, омбордан олиб чиқиб ундирилмаган картошкани экадиган бўлсак, бу камида бир ой ёки қирқ кун вақтни зое қилади.

Бугунги кунда очиқ майдонга экилган картошкалар вақтинчалик туннелли плёнка қопламаси билан экилади. Мана шундай экилган картошкаларимиз бугунги кунда айрим жойларда, айниқса жанубий воҳаларда, униб чиққан.

Эртага сабзавот экинларини экиш муддати бошланади. Эрта баҳорги, ёзги ва кеч ёзги экиш муддатлари бор. Эрта баҳорги экинлар, яъни совуққа чидамли экинлар: кўкатлар, редиска, пиёз, сабзи, брокколи ва турли карамлар киради.

“Тўқсон бости” муддатида экилган сабзавот экинлари баҳорги муддатга нисбатан бир қатор афзалликларга эга. Агар “тўқсон бости” муддатида экилса, ҳосил ўн беш йигирма кун олдин униб чиқиб, баҳорги муддатга нисбатан эрта олиш имконини беради.

Камолиддин Икромов: Қурғоқчиликка қараб кетяпмиз. Қурғоқчиликка чидамли навлар ва аномал ҳароратга чидамли навлар ишлаб чиқиляптими, деб сўрашяпти фермерлар. Деҳқонлар уруғдан алдаб қолмаслиги учун нималарга эътибор бериш керак? Ҳозир томорқачилик тўғрисида фармонлар чиқди. Шунга асосан уруғлар тарқатилмоқда, сизлар томондан ва деҳқонларнинг ўзи ҳам нимага эътибор бериши керак?

Пўлат Чориев, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази бўлими бошлиғи: Деҳқонлар ҳуқуқий билимга эга бўлиш керак деб ўйлайман. Уруғлик олаётганда бир нечта ҳужжатлар талаб қилинади, уруғликларни реализация қилишда мувофиқлик сертификати, давлат реестрига рўйхатдан ўтказилган ва карантин сертификати мавжуд бўлган нав ва дурагайларни олиб экиш мақсадга мувофиқ.

Камолиддин Икромов: Деҳқон қандай текшириб олиши мумкин? Уруғ қадоқланишида устига мажбурий бир нима ёзиб қўйиладими, масалан, реестр рақами, ёки QR код орқали онлайн текшириш имкониятлари яратилганми?

Шокир Шарипов: Бошқача қилиб айтганда, янги навлар деҳқонга етиб боряптими?

Камолиддин Икромов: Битта нав кириб келса, деҳқонлар синашади, яхши чиқади ва шундан кейин уни кимдир олиб, худди шу қадоқда бошқа нарсани сотиши мумкин, “контрафакт” дейилади.

Рафиқжон Ҳакимов: Давлат реестрига киритилгандан кейин бирламчи уруғчиликни ташкил қиламиз. Кейин, республикамизда уруғчиликни ривожлантириш маркази бор. Мана шу марказга биз дастлабки манбаларни берамиз. Уларнинг назорати остида, биринчидан, элита хўжаликлари бор, иккинчидан, уларнинг назорати остида уруғчилик хўжаликлари бор. Уларнинг назорати остонидан ўтади. Бозорларда, айтганингиздек, хорижий уруғларни олиб келган вакиллар бор. Ҳар бир фирма ўзини регистрация қилгандан кейин, вакилларини қўяди. Деҳқон тоза уруғ оламан деса, мана шу вакиллардан, тўғридан-тўғри биринчи қўлдан олиши керак.

Маҳаллий уруғларни олишни хоҳлаганда, албатта, бизнинг институтимиз бор. Институтимизнинг ўнта вилоятда илмий тажриба станциялари бор. Мана шу жойларда олинган ҳужжатлаштирилган навлар текширувдан ўтказилган ва уларнинг намунаси стандартларга жавоб беради. Деҳқон бозорлардан оладиган бўлса, албатта сотувчидан олдин шу уруғи гувоҳномаси борми деб, сўраши керак. Нав тозалигига гувоҳномани сўраши керак.

Дилшод Ғофуров: Ҳозирги пайтда республикамизга катта миқдорда хорижий ғўза навлари кириб келди. Улар ўзимизнинг ўрта толали ғўза навларимиздан қандай фарқланади, деган кўплаб саволлар келиб тушяпти. Шу саволларга тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчидан, бу хориждан келган ғўза навларининг самарадорлиги тупроқ ҳароратига боғлиқ: тупроқ ҳарорати 80 градус бўлганида униб чиқяпти. Ўзимизнинг ғозинавларимиз 100 ўтгандан кейин униб чиқади. Ҳашорот ва зараркунандаларга қарши туришда ўзимиздаги ўрта толали ғўза навларидан деярли фарқ қилмайди. Аммо янги навлар, кўсак қуртига чидамлилиги бўйича, тўғрисини айтганда, озгина ортда қолганлиги кузатилди. Баъзи ҳолларда хорижий ғўза навлари қиммат нархларда харид қилинган, аммо бунга кўпроқ эътибор бериш керак.

Шокир Шарипов: Деҳқон қанақа ёрдамга муҳтож ҳозирги вақтда?

Рафиқжон Ҳакимов: Авваламбор деҳқонларга миннатдорчилик билдириш керак, чунки бугунги кунда, табиатнинг турли инжиқликларига қарамай, халқимизга мева ва сабзавот маҳсулотларини қишин-ёзин етказиб беришяпти. Мен ўйлайманки, биринчи навбатда, деҳқонларимизга маҳсулотини аниқ оладиган ташкилотлар ва бозорларини аниқ белгилаб бериш керак. Кўп жойларда гаплашганимизда деҳқон мана шу масалада қийинчиликка учрайди. Аниқ шартномаси бўлса, деҳқон биладики, мен бугунги кунда, мана шу, фалон гектар фалон экинни экишим, фалон муддатда етказиб беришим, фалон нархда сотишим керак.

Иккинчидан, деҳқонларимизни албатта сифатли уруғ билан таъминлаб бериш керак. Сифатли ва яхши нав уруғ билан таъминлаб берилса, бозордан алданиб қолиш эҳтимоли камаяди. Маълумки, томорқа хўжаликларини ривожлантириш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинди.

Биз, масалан, икки ҳудудда маърузалар қилдик. Жойларда сув муаммосига тўғри келишяпти. Томорқаси бор, лекин сув муаммосини кўтармоқда. Ҳукуматимизга раҳмат, шу йўналиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. 1 апрелгача сув муаммоли бўлган томорқаларда ер остидан сув чиқариб бериш ишлари олиб бориляпти. Бу балки бир йилда ҳал бўлмас, лекин мен ўйлайманки, томорқа хўжаликларини самарали фойдаланиш учун сув муаммолари аста-секин ҳал қилинади.

Дилшод Ғофуров: Асосий муаммолардан бири логистика, сотув ва маркетингни жойини қўйиш керак. Фермер хўжалиги, деҳқон маҳсулот етиштирса, қаерга сотади? Тавсия берилаётган экинларимизга шароит яратиб бериш керак, чунки экин тури кўп. Ҳар бир турнинг агротехникаси, муддати бор ва ҳоказо.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид