Ўзбекистон | 21:43 / 25.02.2025
5237
5 дақиқада ўқилади

25 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Радарларга ёзилмайдиган жарима балли, ҳарбий хизматчилар учун ижтимоий ҳимоя, марказлашган иссиқлик таъминотига уланадиган янги уйлар ва ҳомийлик маблағлари йиғишда ўзгараётган тартиб — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Камера ва радарлар жарималари 12 балли тизимга киритилмайди

Ўзбекистонда ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳисоблаб бориладиган 12 балли жарима тизими фақат давлат йўл ҳаракат хавфсизлиги инспекторлари тузган баённомалар асосида шаклланади.

Ҳозирча йўллардаги камера ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар бу тизимга қўшилмайди.

ДЙҲХХ раҳбариятининг журналистлар олдида маълум қилишича, жарима баллари тизими инсон омилига боғлиқ бўлмай, электрон тарзда юритилади. Шу билан бирга, келгусида камера ва радар жарималарини ҳам 12 балли тизимга киритиш режалаштирилмоқда.

Жорий йил 20 февралда қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, агар ҳайдовчининг жарима баллари йил давомида 12 дан ошса, у камида 6 ой муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Ҳарбий хизматчилар ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчилар учун турар жой ижара тўловлари компенсацияси 20 фоизга оширилади. Шунингдек, 10 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун ипотека кредити дастлабки бадали 35 фоиз этиб белгиланади.

Тошкент шаҳрида хизмат қилаётган ҳарбийлар ойига БҲМнинг 4,8 бараваригача, Нукус ва вилоят марказларида 3,6 бараваригача, бошқа ҳудудларда эса 2,4 бараваригача компенсация олади. Агар ҳарбий ходимнинг оила аъзолари 3 нафар ёки ундан ортиқ бўлса, тўловлар 50 фоизга оширилади.

2026 йилдан бошлаб ижара компенсацияси миқдори ҳар йили бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Янги уйлар марказлашган иссиқлик тизимига уланади

Ўзбекистонда 2025 йилда 135 минг хонадонли янги уй-жойлар марказлаштирилган иссиқлик тизимига уланади. Бу президент фармони билан тасдиқланган «йўл харитаси»да белгиланган. Янги қуриладиган кўп қаватли турар жой биноларида ошхоналар хавфсизлик нуқтайи назаридан электр печкалари билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, 1 апрелга қадар аҳоли яшаш ҳудудларида йўл ёритиш электр энергияси сарфини икки баробар камайтириш бўйича таклифлар тайёрланади. 1 майгача лифтларга хизмат кўрсатиш учун барча ҳудудларда махсус гуруҳлар тузилиши, мутахассислар тайёрланиши режалаштирилган.

Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда қурилиш харажатларининг 2 фоизини атроф-муҳитни ободонлаштиришга йўналтирилиш кўзда тутилмоқда.

Ҳомийлик маблағлари йиғиш тартиби ўзгармоқда

Ўзбекистон Қонунчилик палатаси ҳомийлик маблағларини йиғиш тартибини аниқ белгилайдиган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Унга кўра, жисмоний шахслар фақат ўзи ёки яқин қариндоши учун хайрия йиғиши мумкин. Кўнгиллилар эса бегона шахслар учун фақат эълон бериш орқали кўмаклашади. Яъни эҳтиёжмандлар учун ўз пластик карточкасини қўйиб, пул йиғиш тақиқланади.

Хайрия қутиси фақат махсус ташкилотлар томонидан ўрнатилади ва шаффоф идишда бўлади. Уларнинг манзиллари олдиндан эълон қилиниб, очиш жараёни видеотасвирга олинади. Тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Йиғилган хайрия маблағларини ўзлаштириб юбориш ҳолатлари аниқланган ҳолларда, ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўрилмоқда.

Қобил Дўсов яна бир жиноят ишида айбдор деб топилди

Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди блогер Қобил Дўсовни Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъулларини ҳақорат ва туҳмат қилиш жиноятида айбли деб топиб, 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. У жазони манзил колонияларда ўтайди.

Суд жабрланувчилар, экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар асосида Дўсовнинг айбдорлигини исботланган деб ҳисоблади. Унга нисбатан Жиноят кодексининг туҳмат ва ҳақоратга оид моддалари қўлланди.

Аввалроқ, Чилонзор ва Яшнобод тумани судлари блогерни ҳақорат жиноятида айбдор деб топган, кейинчалик озодликни чеклаш жазоси қамоқ жазосига ўзгартирилган эди. Дўсов чекловларга риоя этмагани ва ахлоқан тузалмагани боис, жазо чоралари кучайтирилган.

Дубайда қарздор бўлиб қолган фуқарога ёрдам берилди

Дубайда 247 минг доллар миқдоридаги қарзи туфайли қайтиб кета олмаган, 1957 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросига амалий ёрдам кўрсатилди.

Маълумотларга кўра, у 1996 йилда мавсумий ишлаш мақсадида БААга борган, бироқ 2001 йилдан буён ноқонуний равишда мамлакатда яшаб келган. Бу давр мобайнида унинг жарима ва қарздорлик суммаси 901,6 минг дирҳамга (247 минг доллар) етган.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ташаббуси билан маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан музокаралар олиб борилди. Натижада қарздорликдан воз кечишга эришилди.

15 феврал куни дипломатлар ва маҳаллий хайрия ташкилотлари кўмагида фуқаро Дубай—Тошкент авиақатнови орқали Ўзбекистонга қайтарилди.

Мавзуга оид