Жамият | 12:40 / 23.02.2025
44638
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги миллий табиат боғида фотоқопқонга қор қоплони тушди

Қор қоплонининг фотоқопқонга тушиши “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида биринчи марта қайд этилган.

Фото: Экология вазирлиги

Сурхондарё вилоятида жойлашган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида ўрнатилган фотоқопқонга қор қоплони тушган. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғининг Тамшуш ҳудудида 3500–4000 метр баландликда ўрнатилган фотоқопқонга илк бор қор қоплони тушган. Бу ҳолат ушбу ҳудудда қор қоплони яшаётганидан дарак беради.

Маълумотларга кўра, бу йиртқич мушуксимонлар оиласига мансуб бўлиб, совуқ иқлим шароитига мослашган ягона тур саналади. У Ўзбекистон Қизил китоби, IUCN Қизил рўйхати ва CITES I иловасига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар қаторига киради.

Қизиғи шундаки, қор қоплонлари ақл бовар қилмайдиган даражада – 15 метргача узунликка сакрашлари мумкин. Бу улар ўз танасининг узунлигидан 6 баравар узунликка сакрай олади дегани. Бундай қобилият уларга тоғларда ов қилишда, тошлоқ ерлардан бемалол ўтишда ёрдам беради.

Маълумот учун, “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи 2022 йил март ойида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ташкил этилган. Боғ Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий ёнбағирларида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 930 метрдан 3700 метргача бўлган ҳудудни ўз ичига олади. Ҳудудда 46 турдаги фауна вакиллари яшайди, улардан 20 таси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Мавзуга оид