Ўзбекистон | 12:15 / 22.02.2025
3899
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Орхус конвенциясига қўшилмоқда

Орхус конвенцияси инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади. У тегишли давлат органлари, фуқаролар ва жамоатчилик ўртасида экологик ахборотларни олиш ва улардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг ялпи мажлисида “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июн) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Халқаро мақомдаги мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади – экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки билан боғлиқ ўзаро муносабатларни тартибга солиш ҳамда одил судловга эришишни таъминлашдан иборат.

Конвенцияда давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кенг жамоатчилик сўровига биноан ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби атроф-муҳит элементларининг таркибий қисмларига доир зарур маълумотларни тақдим этиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш белгиланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг мазкур конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳит соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб таъминлашга, хорижий ҳамкор давлатлар билан ҳамжиҳатликда экологик хавфсизликка эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижи ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Мамлакатда қонунлар мавжуд стратегиялар ва дастурларнинг ҳаммаси халқаро стандартларга жавоб беради. Лекин муаммо уларнинг ижросида. Дарахт кесилиши, Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши, шу каби маълумотларни тарқатиш... Бундай хабарларни тарқатилишига масъуллар бефарқ бўлмаслиги керак. Мана шу ерда бизда муаммо бор. Шунинг учун жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, жамоатчилик кенгашларидан самарали фойдаланиш зарур. Қолаверса, улар айтган масалалар бўйича яна нима ишлар қилишимиз керак, қандай чоралар кўришимиз ва яна қанақанги қўшимча дастур ёки қарор, тегишли ҳужжат қабул қилиниши керак бўлса, марҳамат, масалани кўтариб чиқишни ташкиллаштирайлик.

Қонунларни қабул қилаверамиз, лекин унинг ижроси бўлмаса, ҳаммаси қоғозда қолиб кетади. Бу нафақат сизларга, ҳаммага тааллуқли.

Маҳаллий кенгашлар бу борада ўзига вазифаларни белгилаб олиши зарур. Мана шу кўрилаётган ҳар бир масаланинг амалда ижобий самарасини кўрсатиши кўп жиҳатдан маҳаллий кенгашларнинг фаоллигига бевосита боғлиқ. Ижро органларидан мана шу масалалар ижросини сўраш ҳам сизларнинг вазифаларингиздан биридир.

Шунинг учун биз сизларни ялпи мажлисларимизга бежиз таклиф қилаётганимиз йўқ. Эшитиб, хулоса қилиб, демак, иш режангизга қўшимча масалаларни киритиб бориш керак бўлади”, дея таъкидлади Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид