Ўзбекистон | 10:45 / 21.02.2025
1655
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида газдан ўғринча фойдаланган иссиқхоналар аниқланди

Республиканинг барча ҳудудларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва ҳуқуқбузарликлар олдини олишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

«Ҳудудгаз Тошкент» газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган рейдлар вақтида қонунбузилиш ҳолатлари фош этилди.

Оҳангарон туманидаги «Алишер» МФЙда жойлашган «А.И.Б.» фермер хўжалигига қарашли иссиқхона хатловдан ўтказилганда, истеъмолчи бир марталик тамға ўрнатилган зулфин ва электрон газ ҳисоблаш ускунасини олиб ташлаб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 2 миллиард 955 миллион сўмлик зарар аниқланди.

Яна бир ҳолат вилоятнинг Қибрай туманида қайд этилди. «Гулистон» МФЙда жойлашган хонадонда яшовчи фуқаро Н.Д. иссиқхона ташкил қилиб, табиий газ тармоғига ҳисоблагичдан олдин тўғридан тўғри уланиб, табиий бойликдан хўжасизларча фойдаланиб келган. Ноқонуний ҳолат бўйича 49 миллион 673 минг сўмлик табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.

Мавзуга оид