Исроилда автобуслардаги портлашлар серияси текширилмоқда
Тел-Авив яқинидаги Бат-Ям шаҳрида учта бўш автобус портлади, яна иккита портловчи қурилма зарарсизлантирилди. Қурбонлар йўқ. Полиция янги портловчи қурилмаларни топди.

Фото: AP
Исроилнинг Тел-Авив жанубидаги Бат-Ям шаҳрида 20 феврал, пайшанба куни кечқурун автотураргоҳда турган учта автобус портлаб кетди. Яна иккита портловчи қурилма зарарсизлантирилди, дея хабар беради Исроил ОАВ. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.
Бат-Ям маъмурияти автобуслар «портлашдан бир неча дақиқа олдин автотураргоҳга етиб келганини билдирди», деб ёзади The Times of Israel. Ҳар бирида 5 килограмм портловчи модда бўлган барча бешта бомбанинг таймерлари 21 феврал куни эрталаб бир вақтнинг ўзида ўчиришга дастурлаштирилган эди, деб ёзади The Times of Israel Исроил хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб. Кейинроқ полиция Бат-Ям ва Холон шаҳарларида автобусларда яна тўртта портловчи қурилма топилганини маълум қилди.
Исроил расмийлари воқеани «стратегик теракт»га уриниш деб ҳисобламоқда. Терговда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва "Шин-Бет" хавфсизлик хизмати иштирок этмоқда.
Тулкармадагилар қасосими?
Исроил матбуоти хабарларига кўра, камида битта ишламай қолган портловчи қурилмада «Тулкармадан қасос» ёзуви борлиги аниқланган, Ғарбий Соҳил бўйидаги шаҳарчада ЦАҲАЛ 21 январдан бери «Темир девор» номи билан кенг кўламли операция ўтказмоқда.
Орадан кўп ўтмай, Тулкармадаги Ҳамас гуруҳининг «баталони» вакили эканини даъво қилувчи Telegram-канал: «Босқинчи бизнинг заминимизда бор экан, қасос унутилмайди» деган ибора билан хабар жойлаштирди.
Исроил бўйлаб автобус ҳайдовчиларига сафарни бошлашдан олдин автобусларини яхшилаб текшириш буюрилди. Бен-Гурион аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг айтишича, у аллақачон ЦАҲАЛга «Тулкарма қочқинлар лагерида, шунингдек, Яҳудия ва Самариядаги барча қочқинлар лагерларида аксилтеррорчилик фаоллигини оширишни» буюрган.
Мавзуга оид

12:25
Исроил Ғазога электр энергияси етказиб беришни тўхтатди

21:58 / 09.03.2025
Исроил Ғазо бўйича музокараларни давом эттириш учун Доҳага делегация юборади

18:20 / 07.03.2025
ҲАМАС Исроил ҳарбий ҳаракатлар бошласа, гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилди

12:50 / 06.03.2025