Жаҳон | 17:19 / 19.02.2025
2244
2 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини келишиб олди

Евроиттифоқнинг янги санкциялар пакети Россия алюминий маҳсулотлари импортига «босқичма-босқич» тақиқни жорий этади ва нефт хомашёси савдосига қўйилган чекловларни кучайтиради.

Фото: AFP

Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини келишиб олди, деб хабар беради The Financial Times. Янги чекловлар, хусусан, Россиядан алюминий ва нефт экспортига қарши йўналтирилади.

ЕИ АҚШ президенти маъмурияти Москвага нисбатан чекловларни юмшатиши мумкинлигидан хавотирланиб, янги санкцияларни жорий этмоқда. FT’нинг эслатишича, Ар-Риёдда Москва ва Вашингтон ўртасида бўлиб ўтган расмий музокараларнинг биринчи раундида АҚШ давлат котиби Марко Рубио урушни ҳал этиш бўйича музокаралар вақтида ЕИнинг Россияга қарши санкциялари масаласи ҳам кўтарилишига шама қилган. Шу билан бирга, Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб, Рубио Европадаги иттифоқчиларига уруш тугамагунга қадар Россияга қарши санкцияларни бекор қилмасликка ваъда берганини ёзди.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Евроиттифоқнинг янги санкциялар пакети Россия алюминий маҳсулотлари импортига «босқичма-босқич» тақиқни жорий этади ва нефт хомашёси савдосига қўйилган чекловларни кучайтиради. Санкциялар Россиянинг «соядаги флоти»ни 73 та танкерига, мамлакат банклари ва ўнлаб жисмоний ҳамда юридик шахсларига қарши жорий этилади.

«Биз Украинани қўллаб-қувватлашни ва Россия босқинига қарши санкциялар жорий этишни давом этамиз, чунки бу халқаро ҳуқуқ ва тартибни, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолишга қаратилган тўғри қарордир», — дейди ЕИ дипломатларидан бири.

Европа Иттифоқининг Россияга қарши 15-санкциялар пакети 2024 йил 15 декабрда қабул қилинган эди. Ўшанда 54 та жисмоний ва 30 та юридик шахс, хусусан, Россиянинг «соядаги флоти»га алоқадор мудофаа корхоналари ҳамда кемасозлик компаниялари чекловларга учраган эди.

Мавзуга оид