Британия Сурия банкларига қарши санкцияларини бекор қилди
Буюк Британия ҳукумати Суриянинг 24 та ташкилоти, жумладан, мамлакат Марказий банки ва нефт компанияларига нисбатан санкцияларини бекор қилди.

Фото: Reuters
Қайд этилишича, саккизта банк, хусусан, Саноат банки ва Сурия тижорат банкига нисбатан санкциялар бекор қилинган. Al Furat, Deir Ez-Zur, Mahrukat, Ebla, General Petroleum Corporation (GPC), Overseas Petroleum Trading, Syria Trading Oil Company (Sytrol) каби нефт компаниялари «қора рўйхат»дан чиқариб ташланди.
Бундан ташқари, Syrian Arab Airlines авиакомпанияси ва бошқа компанияларга қўлланган санкциялар ҳам бекор қилинди. Британия Молия вазирлигига кўра, энди ушбу ташкилотларнинг активлари музлатилмайди.
13 феврал куни Буюк Британия ҳукумати Сурияда ҳокимият алмашгани муносабати билан ушбу мамлакатга нисбатан санкцияларини юмшатмоқчи экани маълум бўлганди. 2024 йил декабрда ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад режими аъзоларига нисбатан жорий этилган чекловлар ўз кучида қолади.
Декабр охирларида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Суриянинг қайта тикланишига ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятни ундан санкцияларни олиб ташлашга чақирганди. «Олдинги режимга қарши жорий этилган санкциялар имкон қадар тезроқ олиб ташланиши керак», — деган Фидан Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа билан ўтказилган матбуот анжуманида.
2025 йил январ ойи охирида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Сурияга қарши санкциялар режимининг келажакда юмшатилишини изоҳлар экан, Дамашқдаги янги ҳокимият «нотўғри қадамлар қўйса» Европа Иттифоқи томонидан чекловлар янгиланиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, у Дамашқдаги Европа Иттифоқи ваколатхонаси ишининг қайта тикланиши мумкинлигини эълон қилганди.
Мавзуга оид

17:50
Сурияда алавийлар қирғини: аш-Шаръа айбдорларни жазолашга ваъда бермоқда

16:19 / 09.03.2025
Сурияда икки кунлик тўқнашувлар оқибатида мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди

18:48 / 08.03.2025
Сурияда нотинчлик – ижтимоий тармоқларда одамларнинг оммавий қирғини видеолари тарқалди

21:21 / 07.03.2025