«Трест-12»даги давлат улушини Дониёр Комиловга тегишли компания сотиб олди
«Трест-12» АЖ устав капиталидаги 51,1 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди. Битим қиймати – 111 млрд сўм. Харидор – Delta Global Dynamics МЧЖнинг 100 фоиз улуши собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси, Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводи, UNG Petro заправкалар тармоғи ҳамда Чиноз нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди.
«Трест-12» қурилиш компаниясидаги давлат улуши сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.
Давактивга кўра, «Трест-12»даги давлат улушини сотиб олишга 4 та компания қизиқиш билдирган, лекин улардан фақат 2 таси мажбуриятга эга таклифлар йўллаган. Хусусийлаштириш жараёнига консультант сифатида Deloitte жалб этилган.
Якунда 111 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган Delta Global Dynamics МЧЖ савдо ғолиби деб топилган.
«2 йил мобайнида корхонада мавжуд иш ўринларини ва ишчилар сонини сақлаб қолиш (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), амалдаги иш ҳақи фонди миқдорини камайтирмаслик ва жамоа шартномаси шартларини ёмонлаштирмаслик каби шартлар харидор томонидан қабул қилинган», дейилади Давактив хабарида.
Битим Хусусийлаштириш давлат комиссияси томонидан маъқулланган.
Delta Global Dynamics МЧЖ ҳақида
Харидор – Delta Global Dynamics МЧЖ 2022 йилнинг январ ойида Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Фаолият тури – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш. Устав фонди – 200 млн сўм.
Компаниянинг 100 фоиз улуши собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси ва Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводини ҳам хусусийлаштириб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди. ОАВда Комиловнинг Россиядаги йирик активлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Шунингдек, кичик Комиловга тегишли Petroleum Technology Group компанияси 2024 йилда Ўзбекистонда 78 та «заправка»га эга бўлган «UNG Petro» компанияси ҳамда «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи»нинг ҳам янги эгасига айланганди.
«Трест-12» ҳақида
1979 йилда бери фаолият олиб борувчи «Трест-12» компанияси катта лойиҳаларни тендерсиз олгани ҳақидаги хабарлар билан кўп бор ОАВ эътиборига тушган. Ҳатто 2021 йилнинг май ойида Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов ушбу қурилиш компаниясига қарийб 5 трлн сўмлик лойиҳалар тендерсиз берилганлигини очиқлаган.
Жумладан, 2021 йилда «Трест-12» компанияси Мустақиллик майдонидаги 431,5 млрд сўмлик лойиҳа пудратчиси сифатида танланган.
Ушбу компаниянинг ҳиссадорлари орасида 2024 йилнинг июнь ойида лавозимидан олинган собиқ Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бўлган.
Кейинчалик вазир «Трест-12»нинг лойиҳаларни тендерсиз олиш ҳолатига изоҳ берганди.
«12-Трест» ташкилотининг айрим обектлар қурилишида тўғридан тўғри белгиланиши сабаблари бор. Ташкилот тарихи, сифат, муддат, бундан ташқари ҳар бир ташкилотнинг ўзининг қонун-қоидалари бор. Ҳар ким ҳам бу қонун-қоидаларни қилолмайди.
Албатта, обектнинг тўғридан тўғри берилиши менга боғлиқ эмас, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади. “450 миллиард” ҳақдаги тарқалган хабарга келсак, буни билмайман, менинг ҳам ўз ишларим бор. «12-Трест»ни менга боғлаб берган жойи йўқ”, деган эди собиқ вазир ўшанда.
Мавзуга оид

16:24 / 07.03.2025
“Ваҳимага тушманг” — Кадастр агентлиги ерлар хитойликларга сотилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди

18:37 / 21.02.2025
Дониёр Комиловнинг Ўзбекистондаги бизнеси. “Трест-12” ҳам улар қаторига қўшилди

19:57 / 17.02.2025
Тошкентнинг Глинка кўчасида кўп қаватли бизнес маркази қурилиши мумкин

10:38 / 14.02.2025