Ўзбекистон | 10:05 / 19.02.2025
14436
5 дақиқада ўқилади

Шахсан ҳоким бош-қош: Қувасойда 300 га яқин дарахт қўпориб ташланди

Қувасой шаҳар прокуратурасининг шундоққина қаршисида юзлаб дарахтлар “кўчириб ўтқазиш” баҳонаси билан қўпориб ташланди. Бу шаҳар ҳокими Зафар Тўрақуловнинг шахсий ташаббуси бўлган: экологиядан розилик олинмаган. “Қабристонларга кўчирилди” дейилган дарахтларнинг кейинги тақдири ҳам номаълум.

Ҳолатни ўрганиш учун ҳудудга борганимизда айнан дарахтлар кўчирилган манзилда Қувасой шаҳар ҳокими Зафар Тўрақулов, вилоят экология бошқармаси бошлиғи Баҳром Жуманов ва бир қанча расмийларни учратдик.

Баҳром Жуманов

Дарахт кўчиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”

“Дарахтлар кўчирилиши билан боғлиқ ҳолат назоратимизга олинган. Ҳозирда саноқлаш ишларини амалга оширяпмиз. Қонунда қандай жавобгарлик белгиланган бўлса, тегишли тартибга чора кўрилади.

Кўчириш бўйича биздан рухсат олинмаган. Дарахтларни кўчириш учун рухсат беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Дарахтни бошқа жойга кўчиришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейди вилоят экология бошқармаси бошлиғи Баҳром Жуманов.

Ойбек Акбаров

Қувасой шаҳар ҳокими ўринбосари Ойбек Акбаровга кўра, дарахтлар шаҳарнинг тўрт ҳудудида жойлашган қабристонга кўчириб ўтқазилган, улар кўкариб кетиши учун барча керакли тадбирлар амалга оширилаётган экан.

Дарахтлар қуримайди”

“Кўриб турганингиз 3 гектардан иборат майдон Қувасой шаҳар ҳокимлиги балансида. Бу ерда асосан қарағай дарахтлари бўлган. Уларни махсус техникаларда кўчириб, керакли жойларга ўтқаздик.

Парваришини агротехник талабларга жавоб берадиган ҳолатда амалга оширяпмиз.

Зафар Тўрақулов, Қувасой шаҳар ҳокими

Кўчиришдан аввал шаҳар экология бўлимидан оғзаки рухсат олганмиз.

Ҳудуддан жами 250 тупга яқин дарахт кўчирилган. Яқин орада бу майдонда кўп қаватли уй қурилади. Биноларнинг 1-қавати маиший хизмат кўрсатиш, қолган 4 қавати эса турар жой мажмуаси бўлади. Жами 275 та хонадондан иборат 6 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган.

Ҳудуддан ўтувчи сойдан унумли фойдаланиш, туристларни жалб қилиш мақсадида айнан шу маскан танланди. Хавотирга ўрин йўқ. Дарахтлар қуримайди”, дейди Қувасой шаҳар ҳокими Зафар Тўрақулов.

Қизиқ жиҳати, дарахтлар кўчирилган ҳудуд яқинида шаҳар прокуратураси жойлашган. Наҳот улар ҳолатга кўз юмган?!

Қувасой шаҳар прокурори Санжархон Жаҳоновдан ҳолат бўйича изоҳ олмоқчи бўлдик. Бироқ у масала юзасидан интервю бера олмаслиги, тегишли мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини айтиш билан чекланди.

Санжархон Жаҳонов, Қувасой шаҳар прокурори

Қувасойда “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”да антиқа ишлар содир бўляпти. Дарахтларнинг илдизи билан қўпориб ташланиши билан боғлиқ ҳолатни ўрганиш асносида ўша ҳудудда яшайдиган аҳоли вакилларига микрофон тутдик. Лекин уларнинг ҳеч бири саволларимизга жавоб беришни истамади.

Фаолларнинг айтишига қараганда Қувасой шаҳрида онкологик ва нафас йўллари касалликлари кундан кунга ортиб боряпти. Бунга сабаб эса ҳудудда йирик кварц, цемент ишлаб чиқариш заводларининг мавжудлигидир. Экологик инқироз ва ортиб бораётган касалликлар олдини олиш учун айнан дарахтзорларни кўпайтириш ўрнига аксинча, уларнинг томирига болта урилмоқда.

Ўзбекистонда дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйилган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 бараварга оширилди. Президент фармонида шу ҳақда маълум қилинган. Шунингдек, ҳужжатга кўра, кесилган дарахт ўрнига компенсациявий дарахт кўчатлари экиш мажбурияти белгиланди. Бунда қўшимча равишда юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда жарималар қўлланиши кўзда тутилган.

Президент қарори билан тақиқланган ишни қилиш учун ҳоким энг камида “аждар юракли” бўлиши керак.

Аввалроқ Kun.uzʼда Қувасойда боғча болаларини сифатли овқатлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳасини шаҳар ҳокими Зафар Тўрақулов ўзиники қилиб олишга урингани, айнан таъсис этилган фирмадаги 40 фоиз улуш Тўрақуловнинг қариндоши номига расмийлаштирилгани ҳақида суриштирув эълон қилинган эди.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz

Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Мавзуга оид