Жамият | 21:41 / 19.02.2025
6270
8 дақиқада ўқилади

Коррупцияга қарши кураш: иқтисодий ёндашув

“Мансабдор ер сотди”, “давлат маблағлари талон-торож қилинди” – кунора шунақа хабар ўқиймиз. Лекин бу коррупционерларнинг қўлга тушгани, тушмаганлари қанча? Ҳаммасини аниқлаш қийин, мураккаб. Лекин жиноятчиларнинг хулқ-атворига қандай омиллар таъсир қилишини аввалдан билиш мумкин.

Нега айрим шахслар ўз мансабини суиистеъмол қилади? Улар ёмон инсонларми ёки коррупция уларнинг қон-қонига сингиб кетганми? Йўқ, аслида, улар шунчаки иқтисодий ҳисоб-китоб орқали, кутилмалар ижобий бўлгани учун жиноят қилиш қарорини қабул қилишади.

Ҳар бир шахс бирор ишга қўл урар экан, унинг фойда ва зарари, эҳтимолий манфаат ва хавфларини ҳисобга олади.

Баъзан жиноятчиликни камайтириш учун асосан қаттиқроқ жазоларни жорий этиш, умрбод қамоқ ёки ўлим жазосини қўллаш таклиф қилинади. Лекин оғир жазо белгилаш муаммони ҳал қила олмайди. Масалан, Шимолий Кореяда коррупция учун оғир жазо – узоқ муддатли қамоқ ва ҳатто ўлим жазоси ҳам қўлланади. Шунга қарамай, Transparency International’нинг 2023 йилги коррупцияни қабул қилиш индексида Шимолий Корея 180 мамлакат орасида 172-ўринни эгаллаган. Бу эса жазоларнинг қаттиқлиги жиноятчиликни камайтиришда етарли эмаслигини кўрсатади. Хўш, қайси омил жиноятчиликнинг камайишига туртки бўлади?

Жиноят ва жазо: иқтисодий ёндашув

Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Гэри Беккер 1968 йилда чоп этилган “Жиноят ва жазо: Иқтисодий ёндашув” номли мақоласида жиноятчиликни иқтисодий модел сифатида таҳлил қилган.

Унинг фикрича, жиноятчилар оддий иқтисодий агентлар сингари, ўз манфаатларини максимал даражада оширишга ҳаракат қилади. Улар жиноят содир этиш ёки қилмаслик ҳақидаги қарорларини эҳтимолий фойда ва харажатларни таҳлил қилиш орқали қабул қилишади. Беккер жиноятчиларни рационал агентлар деб ҳисоблайди. Яъни улар жиноятдан оладиган манфаат билан жазога тортилиш эҳтимоли ва жазонинг оғирлигини солиштириб қарор қабул қиладилар.

Модел қуйидаги асосий элементлардан иборат:

1. Жиноятдан олинадиган фойда (B – benefit): Жиноятчи содир этган жиноят натижасида оладиган моддий ёки номоддий манфаат.

2. Жазога тортилиш эҳтимоли (p – possibility): Ҳукумат томонидан жиноий фаолиятга қарши чоралар қанчалик самарали эканини ифодалайди. (0 < P < 1)

3. Жазонинг қаттиқлиги (F – failure cost): Агар жиноятчи қўлга тушса, унга бериладиган жазонинг оғирлик даражаси.

Жиноятчининг қарор қабул қилиш жараёни қуйидаги формула орқали ифодаланади:

  • EU = (1 – p) * B – p * F

Бу ерда EU – жиноятчининг кутилаётган фойдаси (expected utility). Агар EU мусбат бўлса, жиноят содир этиш иқтисодий жиҳатдан фойдали деб топилади. Агар EU манфий бўлса, жиноятчи жиноят содир этмайди. Тушунганингиздек, p бу жазоланиш эҳтимоллигига тенг бўлса, демак (1 – p) жиноятчининг жазоланмаслик эҳтимолига тенг.

Мисол учун, тасаввур қилинг, туман ҳокимига $25 000 пора таклиф қилинди. Хўш, ҳоким қандай қарор қабул қилиши мумкин:

  • Агар порахўрлик “муваффақиятли” ўтса, $25 000 фойда олади (B = $25 000).
  • Агар қўлга тушса ва 10 йилга қамалса, бу даврда йўқотадиган даромади (агар ойлик маоши $800 бўлса), F = 800 * 12 * 10 = $96 000.
  • Жазоланмаслик эҳтимоли юқори деб ҳисобласак, p = 0,2

Бу ҳолда кутилаётган фойда қуйидагича ҳисобланади:

  • EU = (1 – 0.2) * 25 000 – 0.2 * 96 000
  • EU = 20 000 – 19 200 = 800

Натижа мусбат бўлгани учун, жиноят қилиш иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиб чиқади.

Юқоридаги моделнинг моҳиятини тушуниб олган бўлсак, келинг, энди потенциал жиноятчиларнинг жиноят қилмаслик қарорини танлашига туртки бўлувчи омилларга тўхталиб ўтамиз.

Коррупцияни камайтиришнинг икки усули

Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг 2024 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексига кўра, Ўзбекистон 180 та давлат орасида 121-ўринни эгаллади. Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашиш ҳаракатлари 100 баллдан 32 балга баҳоланган, бу эса ҳали ҳам коррупция юқори эканини билдиради (100 балл – энг паст коррупция даражаси, 1 балл – энг юқори коррупция даражаси). Умуман олганда, нафақат коррупция даражаси, балки умумий жиноятчилик даражаси ҳам 2019-2023 йилларда 2,3 баробарга (46 мингдан 104 мингтага) ошган.

Бу кўрсаткичлардан тахмин қилиш мумкинки, Ўзбекистонда потенциал жиноятчининг жиноят қилишидан олдин жазоланиш эҳтимоли тўғрисидаги кутилмалари жуда ижобий, яъни p 1 дан анча узоқ ва 0 га жуда яқин бўлиши мумкин.

Демак, жазоланиш эҳтимолини ошириш – жазонинг муқаррарлиги таъминланиши билан амалга ошиши керак.

Бунинг учун, суднинг де-факто мусстақиллигини ва демократия даражасини ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш зарур. Шу йўл билан, жазоланиш эҳтимоли (p) ни ошириш, яъни 1 га яқинлаштириш ҳамда жазоланмаслик эҳтимоли (1 – p)ни камайтириш, яъни 0 га яқинлаштириш мумкин. Натижада кутилаётган фойда (EU) аксарият ҳолларда манфий бўлади.

Албатта, бу энг муҳим ва қилиниши шарт бўлган ишлардан бўлса-да, қўшимча сифатида F ни, яъни жазонинг оғирлигини ҳам ошириш мумкин. Аммо бу жазо сифатида узоқ муддатли қамоқ ёки ўлим каби оғир жазо белгиланиши керак дегани эмас. F ни бошқа, яъни ойлик даромадларни ошириш йўли билан ҳам катталаштириш мумкин. Мисол учун, ҳокимнинг маоши юқоридаги каби $800 эмас, $2000 бўлса, кейинги 10 йилда топиши мумкин бўлган каттароқ фойда йўқотилиши ва кутилаётган фойда манфий чиқиши мумкин эди. Бироқ, муаммо шундаки, ойлик даромадларни ошириш осон иш эмас. Муҳим давлат амалдорларига қўшимча пул бериш учун бошқа жойдан пул олишга тўғри келади. Аммо қаердан, буни қандай амалга ошириш мумкин?

Япониялик олимлар ўтказган, 82 та мамлакатни қамраб олган тадқиқотда, демократия даражаси паст мамлакатларда иқтисодиётда давлат улушининг кенгайиши коррупция даражасининг ошишига олиб келиши ўрганилган. Демак, давлат аппаратини қисқартириш иқтисодиётда давлат улушининг қисқаришига ҳамда ўз-ўзидан коррупция даражасининг тушишига олиб келади. Бундан ташқари, давлат аппаратида қолган ходимларнинг ойлик маошларини оширишга имконият пайдо бўлади. Бу орқали жиноят учун жазонинг оғирлиги ҳам ошади (F катталашади).

Бу борада Грузия тажрибаси яққол мисол бўла олади. Саакашвили ҳокимиятга келгач, маъмурий ислоҳот ва хусусийлаштириш орқали иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтирган эди. Натижада коррупция манбаси бўлмиш кўплаб лавозимлар йўқолиб кетгач, коррупция даражаси ҳам сезиларли пасайди.

Грузия 2003 йилда Коррупцияни қабул қилиш индексида 124-ўринни эгаллаган бўлса, ислоҳотлардан сўнг, 2010 йилда Transparency International Грузияни “дунёдаги энг яхши коррупцияга қарши курашувчи давлат” деб эътироф этди. 2014 йилга келиб, Грузия 51-ўринга кўтарилиб, Европа Иттифоқининг айрим ривожланган мамлакатларни ҳам ортда қолдирди.

Иқтисодчи Лариса Буракованинг “Грузия муваффақиятга қандай эришди” номли китобида, Грузия коррупцияга қарши кураш кенгаши раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган Вато Лежава шундай деган эди:

Агарда давлат хизматчисининг маоши 20 доллар бўлса, коррупцияга қарши курашишни қандай қилиб унга ишониб топшириш мумкин? Яхшиси бу ходимнинг ўзи ҳам, бу каби вазифа ҳам бўлмагани маъқул. Яъни ходимлар сонини камайтириш, уларнинг маошларини бир неча марта ошириш ва ҳатто назарий жиҳатдан ҳам кераксиз бўлган бу каби вазифаларга барҳам бериш керак”.

Хулоса

Жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишда жазоларнинг қаттиқлигидан кўра, уларнинг муқаррарлиги муҳимроқ. Жазо қанчалик оғир бўлмасин, жазоланиш эҳтимоллиги паст бўлаверса, коррупция ва шу каби жиноятларнинг олдини олиш имконсиз бўлиб қолаверади.

Жиноятчилар рационал қарор қабул қилувчи агентлар бўлиб, улар эҳтимолий фойда ва йўқотишларни ҳисобга олади. Шу сабабли, коррупцияни камайтириш учун жазоланиш эҳтимолини ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг маошларини кўтариш орқали жиноятни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилиш зарур.

Муҳаммад Турниёзов

Мавзуга оид