«Сити»да йирик ғалаба, «Реал» ўйинида можаро. Кун ўйинлари
«Арсенал»да янги «ҳужумчи» голлар урди ва чемпионлик интригаси жонланди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images
Англия: Эдерсон+Мармуш
«Лестер» — «Арсенал» 0:2
Голлар: Мерино (81, 87).
«Лестер» – Ҳермансен, Кристиансен, Околи, Фас, Жастин (Кулибали, 43), Сумаре, Ндиди (Дака, 85), Айю (Мавидиди, 75), Ал Ҳаннус, Декордова-Рид (Буонанотте, 85), Варди.
«Арсенал» – Райя, Габриэл, Салиба, Люис-Скелли (Калафиори, 76), Тимбер, Райс, Парти (Жоржинио, 76), Эдегор, Стерлинг (Мерино, 69), Нванери, Троссар (Тирни, 89).
Огоҳлантиришлар: Ал Ҳаннус (46), Айю (57), Жоржинио (86).
Мартинелли ортидан Ҳаверц ҳам жароҳат олгач, Микел Артетада ҳужум учун вариантлар қолмади. Кутилганидек Лестерда «Арсенал»нинг олдинги чизиғида формасини аллақачон йўқотиб бўлган фахрий футболчи Раҳим Стерлинг, ўсмир Итан Нванери ва ёши ўттизга қараб кетаётган Леандро Троссар форвардлар учлигини ҳосил қилди. Аммо улар биринчи бўлим давомида вазиятлардан фойдалана олишмади. Бўлим охирида ҳисоб очилиши мумкин эди, Нванери яратиб берган навбатдаги вазиятдан кейин Троссар кучли зарба йўллади, аммо дарвозабон бармоқларининг учи билан яқин бурчакка кираётган тўпни устунга йўналтиришга улгурди.
«Арсенал» ҳафта ўртасида «Ливерпул» «Эвертон»га қарши қолдирилган учрашувдаги очко йўқотишидан (2:2) фойдалана олмайдигандек кўринаётганди. Аммо Артета «енги орасидан» Микел Мерино қиёфасидаги сўнгги кузирини чиқарди. Европа чемпиони, «Реал Соседад»даги бош мураббийи Иманол Алгуасил Испания чемпионатидаги энг яхши марказий яримҳимоячи деб атаган футболчи ҳужум марказига ташланди. Ва бу иш берди! У аввалига Нванерининг узатмасидан кейин бош билан ҳисобни очди, кейин эса захирадан туширилган яна бир футболчи Калафиори бошлаган тезкор қарши ҳужум давомида Троссарнинг кроссидан кейин дарвозабонни яна бир бор доғда қолдирди.
Финал ҳуштаги чалинганидан кейин Мерино фаолиятида илк бор ҳужумчи бўлиб ўйнаганини тан олди. Аммо у вазиятларидан фойдалана олди. Евро-2024 чоракфиналида ҳам у овертайм якунланиши арафасида Германия дарвозасига айнан Мерино гол урганди. Унинг шанба кунги бенефиси туфайли камида якшанба кунги ўйинлар охирига қадар биринчи ва иккинчи ўринлар орасидаги фарқ тўрттагача қисқарди. Чемпионлик интригаси жонланмоқда.
«Манчестер Сити» — «Нюкасл» 4:0
Голлар: Мармуш (19, 24, 33), Макэйти (84).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Гвардиол (О'Райли, 87), Стоунз, Ҳусанов, Люис, Гундўған (Ковачич, 87), Нико Гонсалес, Мармуш (Доку, 76), Фоден (Макати, 76), Савио, Ҳоланд (Нунеш, 88).
«Нюкасл» – Дубравка,Ҳолл, Берн, Шер, Триппиер (Ливраменто, 46), Уиллок (Майли, 46), Тонали, Бруно Гимараэс (Лонгстафф, 72), Гордон (Уилсон, 73), Мерфи, Исак (Крафт, 90).
Огоҳлантириш: Гимараэс (50).
«Сити» ЕЧЛ ўтиш ўйинида «Реал»дан учралган оғриқли мағлубиятдан кейин «Нюкасл» билан учрашди. Ва барча аламини ички чемпионатдаги кучли тўртлик учун асосий рақобатчисидан олди.
Ўйин тақдири амалда 33-дақиқадаёқ ҳал бўлди. Барчаси дарвозабон Эдерсоннинг навбатдаги ассисти билан бошланди. Бразилиялик посбон жорий мавсумнинг ўзида учинчи бор голга ҳаммуаллифлик қилди. У бу вазиятда марказий ҳимоячилардан ҳам олдинроққа чиқиб ҳаракатланишига йўл қўйилганди. Умуман, бу Эдерсоннинг Англия чемпионатидаги олтинчи ассистига айланди – у бу кўрсаткич борасида АПЛдаги дарвозабонлар орасида тенгсиз.
Унинг узатмасидан кейин Омар Мармуш тўпни олдинроққа чиқиб кетган Мартин Дубравканинг устидан ошириб ташлади. «Манчестер Сити»нинг қишдаги трансферларидан бири бўлган мисрлик ҳужумчи учун бу АПЛдаги дебют гол бўлди, аммо ўйиндаги охиргиси бўлиб қолмади. Беш дақиқа ўтиб Мармуш Илкай Гундўғаннинг пасидан кейин яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Яна тўққиз дақиқадан кейин қулай позициядан яна бир голини нишонлади. 14 дақиқа ичида фаолиятидаги илк ҳет-трик! У ўзи учун тўланган 75 миллион еврони оқлашни бошлади.
«Нюкасл» футболчилари эса биринчи бўлим давомида дарвоза соҳаси томон тўғри борган бирорта зарба йўлламади, бирор марта рақиб ҳимоячиларини алдаб ўтолмади. Бунда шу куни илк дақиқалардан ҳаракат қилган ва ўйин охиригача ўйнаган ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг ҳам ҳиссаси бор, у амалда хатога йўл қўймади. Эдди Ҳау танаффусда биратўла икки футболчини алмаштирди – қанотда Мармушга батамом ютқазган Киран Триппиер ҳам ўйиндан олинди. Иккинчи бўлимда мезбонлар анча сокинлашди, аммо меҳмонларнинг камбэгидан ҳам дарак бўлмади.
84-дақиқада эса захирадан тушган 22 ёшли Жеймс Макэйти шу куни жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Эрлинг Ҳоланд ташлаб берган тўпни яқин масофадан дарвоза тўрига йўллаб, якуний ҳисобни ўрнатди (4:0). Бироз ўтиб норвегиялик ҳужумчи газонга йиқилди ва уни алмаштиришга тўғри келгани жамоа мухлисларининг кайфиятини туширди. Аммо у майдонни ўз оёғида тарк этгани жароҳати жиддий эмаслигидан далолат. Қолаверса, у йўқлигида Гвардиола Мармушга суяниши ҳам мумкин.
Бу йирик ғалаба «Сити»га кучли тўртликка қайтишга имкон берди — мавсум давомида Пеп Гвардиола шогирдлари еттинчи ўрингача тушиб кетишганди, аммо қишки трансферлардан кейин жамоа ўзига кела бошлади ва натижалар ҳам барқарорлашди. Кейинги турда «шаҳарликлар» турнир жадвали пешқадами «Ливерпул»ни «Этиҳад»да қабул қилади. Бу ўйиндан олдинроқ эса Испанияда «Реал»га қарши жавоб учрашуви ўтказилади.
Испания: Беллингҳем «Реал»ни қийин аҳволда қолдирди
«Осасуна» — «Реал» 1:1
Голлар: Будимир (58, пеналти) — Мбаппе (15).
«Осасуна» – Эррера, Хуан Крус (Бретонес, 59), Эррандо, Катена, Аресо (Пеня, 59), Орос, Торро, Монкайола (Муньос, 79), Сарагоса (Мойсес Гомес, 79), Рубен Гарсия, Будимир (Раул Гарсия, 87).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Асенсио, Чуамени, Валверде, Беллингҳэм, Камавинга, Модрич, Диас (Родриго, 69), Винисиус, Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Аресо (48), Хуан Крус (52), Камавинга (57), Орос (73).
Четлатиш: Беллингҳэм (39).
«Реал» ўйинни жуда кучли бошлади ва Винисиуснинг саъй-ҳаракатлари билан пеналтидан тезкор гол уриши ҳам мумкин эди. Аввалига Катена подкат билан бразилияликдан тўпни олиб қўйди, аммо тўпни қўли билан ўйнади. Кейин эса жарима майдонига киришда Монкайола уни йиқитди. Икки ҳолатда ҳам арбитр Монтеро «Осасуна»ни жазоламасликка қарор қилди.
Шундан кейин мадридликлар барибир ўйиндан ўз голини урди. Аввалига Винисиуснинг узатмасидан кейин Мбаппе уч метр масофадан йўллаган зарба бироз хато кетди. Кейин Килиан яна икки бор дарвозасига хавф солди. Аввалига Серхио Эррера ўткир бурчакка йўлланган зарбани бартараф этди, 15-дақиқада эса ожиз қолди: Валверде тезлик билан олдинга юрди ва тўпни жарима майдонига оширди, француз ҳужумчиси эса барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб, бир тегинишда тўпни тўрга жойлади. Меҳмонлар катта устунлигини голга айлантира олди.
Лекин ҳакамлар мадридликлар зарарига қарор чиқаришда давом этишди. 39-дақиқада «Реал» футболчиларининг сабр косаси тўлди: арбитр ҳимоячи Алехандро Катена жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаганини эътиборсиз қолдирди. Винисиус ҳакам билан кўп вақт давомида баҳслашди, доимо ўзини хотиржам тутадиган Карло Анчелотти ҳам ҳиссиётга берилгани учун огоҳлантирилди. Беллингҳем эса тўғридан тўғри қизил карточка олди. Италиялик мураббий ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтишича, арбитр «fuck you» ва «fuck off» ибораларини чалкаштириб юбориб, футболчи сўкинди деб ўйлагани учун уни майдондан четлатган.
Иккинчи бўлимда эса мезбонлар сон жиҳатдан устунликдан фойдаланиб кетишди — биринчи бўлимда ҳам муқаррар вазиятда голдан қутқарган Куртуа Будимирнинг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсди. Аммо зарбадан кейин Камавинга унинг оёғини босиб олганди.
«Осасуна»нинг хорватиялик тўпурари 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб, чемпионатдаги 13-голини урди. Қўшимча дақиқаларда эса Мбаппе ғалабани илиб кетиш имкониятидан фойдалан олмади ва «Атлетико»га биринчи ўринга кўтарилиб олишга имконият қолдирди.
«Осасуна» билан дуранг — «Реал» чемпионатда қаторасига уч ўйинда очко йўқотиши бўлди. Бунгача Анчелотти шогирдлари «Эспанйол»га ютқазган (0:1) ва «Атлетико» билан дуранг ўйнаганди (1:1). Энди «Барселона» билан орадаги фарқ уч очкогача қисқарган, кейинги турда бланкос «Жирона» билан ўйнайди.
«Атлетико» — «Селта» 1:1
Голлар: Сёрлот (82) — Аспас (69, пеналти).
«Атлетико» – Облак, Галан (Рейнилду, 59), Ле Норман, Хименес, Лоренте, Лино (Коке, 10), Барриос, Де Паул (Корреа, 78), Симеоне (Галлаҳер, 78), Алварес, Гризманн (Сёрлот, 78).
«Селта» – Гуаита, Домингес (Мингеса, 37), Старфелт, Хави Родригес (Иглесиас, 46), Алонсо, Сотело, Белтран (Лосада, 46), Каррейра, Сведберг (Мориба, 72), Фер Лопес (Аспас, 62), Дуран.
Огоҳлантиришлар: Домингес (31), Дуран (47), Де Паул (65), Хименес (67), Ле Норман (67), Алонсо (72), Лосада (80), Иглесиас (90+3).
Четлатиш: Барриос (7).
Аммо Мадриднинг иккинчи жамоаси ҳам ҳамшаҳарларидан қолишмади — Пабло Барриос майдондан четлатилгач, «матрасчилар» 7-дақиқадаёқ камчилик бўлиб қолишди!
Қолаверса, иккинчи бўлим ўрталарида жарима майдонида йўқ жойдан пеналти белгиланди. Аспас зарбани бенуқсон ижро этди ва сенсация яқинлаша бошлади. Аммо «Атлетико» яна характер намойиш этди. Жамоа бу мавсумда ҳисобда ортда борган ўйинларида бошқаларга қараганда энг кўп очко жамғарган.
Диего Симеоне жамоаси ўйиннинг охирги қисмини кучли ўтказади, чунки унинг ихтиёрида Европанинг энг кучли жокери бор. Шанба куни ҳам захирадан туширилган Серлот Хименеснинг узатмасини ўзига бўйсундирди ва ҳимоячиларни ортда қолдириб, бурчакка қайтариб бўлмас зарба йўллади. Бу норвегиялик ҳужумчининг чемпионатда захирадан тушиб урган олтинчи голи бўлди. Жамоа характери учун олқишларга сазовор, аммо биринчи ўринга қайтиш имкониятидан фойдаланилмади. Каталония пойтахтидагилар эса байрамни бошлаб юборишди — «Барселона» душанба куни ўз уйида «Райо Валекано» устидан ғалаба қозониб, «Реал»га етиб олиши мумкин бўлади.
Италия: Рим — Конте учун даҳшатли туш
«Аталанта» — «Каляри» 0:0
«Аталанта» – Карнезекки, Толои, Ҳин, Пош, Брешианини (Эдерсон, 67), Самаржич (де Кетеларе, 46), Ружери, Пашалич, Сулемана (де Рон, 74), Куадрадо (Палестра, 56), Ретеги (Влаҳович, 56).
«Каляри» – Каприле, Аужелло, Луперто, Мина, Заппа, Макумбу, Адопо, Феличи (Коман, 67), Дейола (Марин, 79), Зортеа, Пикколи (Паволетти, 90+1).
Огоҳлантиришлар: Коман (90+5), Ҳин (90+5).
«Аталанта» «Наполи» ва «Интер»га яқинлашиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди. Бергамоликлар асосий эътиборини ЕЧЛдаги ўтиш босқичи жавоб ўйинига қаратган. Брюггеда мағлубиятга учраган жамоа ўз уйида керакли натижага эришиши талаб этилади. Ички чемпионатдаги набватдаги дуранг одатий бўлиб чиқмади. Гап шундаки, Жан Пиеро Гасперини «Аталанта» бош мураббийи сифатида А Серияда тўплаган очколари сони 600 тага етди. Бу кўрсаткич бўйича у фақатгина «Ювентус»да рекорд ўрнатган (663 очко) Массимилиано Аллегридан ортда қолмоқда.
«Лацио» — «Наполи» 2:2
Голлар: Исаксен (6), Диа (87) — Распадори (13), Марушич (87, автогол).
«Лацио» – Проведел, Нуну Тавареш (Ладзари, 82), Романьоли, Хила, Марушич, Ровелла, Гендузи, Заккани, Педро (Диа, 74), Исаксен (Чауна, 82), Кастелянос (Нослин, 27).
«Наполи» – Мерет, Жезус, Буонжорно (Политано, 62), Рраҳмани, Маццокки (Марин, 85), Мактоминей, Лоботка, Замбо-Ангисса, Ди Лоренцо, Распадори, Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Замбо-Ангисса (35), Жезус (78), Заккани (79), Ровелла (90+1).
Римдаги учрашув мақоми ва аҳамияти жиҳатдан якшанба куни ўтказиладиган «Ювентус» ва «Интер» тўқнашувидан қолишмасди. Икки ҳафта олдин Римда «Наполи» арбитр томонидан қўшиб берилган вақтда «Рома» устидан ғалабани қўлдан чиқарганди (1:1). Энди — дебютдаёқ марказий зонадаги тўп йўқотишдан кейин Исаксен узоқ масофадан кучли зарба йўллаб ҳисобни очди. Лекин кўп ўтмай Распадори Лукаку билан девор услубида ўйнаб, ҳужумни гол билан якунлади ва ҳисоб тенглашди.
Иккинчи бўлимда Исаксен ўта қулай позицияга чиқиб борди, аммо унинг бу сафарги зарбаси тўсин устидан ўтиб кетди. «Наполи»нинг қанотда уюштирган комбинациясидан кейин Распадорининг зарбаси у қадар ўхшамаганди, аммо тўп рақиб футболчиси Марушич орқали дарвозага йўл олди.
Фақат Рим бу мавсумда — Антонио Конте учун ҳақиқий бошоғриқ бўлмоқда. Диа сўнгги дақиқаларда «Лацио»ни қутқариб қолди ва «Наполи» қаторасига учинчи дурангга рози бўлди. Якшанба куни «Интер» турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олиши мумкин.
«Милан» — «Верона» 1:0
Гол: Хименес (75).
«Милан» – Менян, Тео, Тиав, Габбия, Уокер (Алехандро Хименес, 46), Рейндерс, Фофана (Пулишич, 68), Соттил (Рафаэл Леау, 46), Жоау Феликс (Терраччано, 88), Муса, Сантиаго Хименес (Абраҳам, 82).
«Верона» – Монтипо, Валентини, Коппола, Давидович, Суслов (Сиссе, 84), Брадарич (Ойегоке, 84), Кастанос (Лазович, 62), Дуда, Няссе (Бернед, 85), Чатчуа, Сарр (Москера, 68).
Огоҳлантиришлар: Коппола (11), Муса (16), Няссе (21), Брадарич (43), Дуда (50), Сантиаго Хименес (59), Алехандро Хименес (79).
«Милан» одатдагидек биринчи бўлимда бор кучи билан ҳаракат қилмади. «Верона» мудофааси иккинчи бўлим давомида ҳам бардош бериб турди. Аммо мезбонлар савия борасидаги фарқ ҳисобига мақсадга эришди, Алехандро Хименес нозик ҳаракат билан тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди, Рафаэл Леау боши билан тўпни ташлаб берди, Сантяго Хименес эса амалда бўш дарвозани ишғол этди. Ҳафта ўртасида «Фейеноорд»га қарши ЕЧЛ ўйинида ўзини кўрсата олмаган мексикалик ҳужумчи А серияда қаторасига иккинчи ўйинда гол урмоқда. Икки ўйин ҳам Сержиу Консейсау жамоаси ғалабаси билан якунланди ва жамоа еврокубокка йўлланма берувчи олтинчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олди.
Германия: «Бавария» бирорта зарбасиз
«Байер» — «Бавария» 0:0
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Тапсоба, Та, Мукиеле, Грималдо (Шик, 90+2), Паласиос, Фримпонг, Жака, Виртц, Телла (Адли, 85).
«Бавария» – Нойер, Ито (Станишич, 68), Ким Мин Чжэ, Упамекано, Лаймер, Павлович (Горетцка, 68), Киммих, Коман (Сане, 68), Мусиала (Боэ, 86), Олисе (Гнабри, 68), Кейн.
Огоҳлантиришлар: Инкапиэ (11), Ито (39), Павлович (53), Упамекано (74), Тапсоба (90+4).
Қисқача айтганда — «Байер» яхшироқ ўйнади. Анча яхши. «Бавария» биринчи бўлимда тўпга эгалик қилди, аммо вазиятларни мезбонлар яратди. Мюнхенликларга қарши мағлубиятли серия (6 ўйин) қайд этаётган амалдаги чемпионларга фақат ғалаба керак эди, аммо вазиятларидан фойдалана олишмади.
«Бавария» эса ҳеч қачон бунчалик нурсиз ўйин кўрсатмаганди. Жамоа 90 дақиқа давомида дарвоза соҳаси томон бирор марта тўғри зарба йўллай олмади. Opta статистикачилари бу ҳолатни аномалия деб аташди, аммо бу барибир Германия чемпионати учун ноёб ҳодиса эмас. 2008 йил майида ўша вақтда кучли формада бўлган (кейинги мавсум чемпиони) «Волфсбург» билан ҳам шундай ҳолат кузатилганди.
«Байер» сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо Амин Адлининг жарима майдони ичидан йўллаган зарбасини Нойер қайтарди, Флориан Вирцнинг бир неча метрдан йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Мезбонлар ҳужум чизиғида Шикнинг йўқлиги ҳам билинди. Чехиялик футболчи қўшимча дақиқаларда майдонга туширилди, аммо ҳеч нарсага улгурмади. Меҳмонлар натижани ушлаб қолишди ва мавсум якунига 12 тур қолганида саккиз очколик фарқ ўзгармади. Бу натижа амалда «Кумуш товоқ» Мюнхенга қайтишини ҳамда Ҳарри Кейн амалда фаолиятидаги илк совринга эришишини кафолатлайди.
«Боҳум» — «Боруссия» Д 2:0
Голлар: Масурас (33, 35).
«Боҳум» – Хорн, Ҳолтманн (Гамбоа, 74), Эрманн, Бернардо, Ордец, Машович, Краус, Сиссоко, Беро, Масурас (Брошински, 88), Ҳофманн (де Вит, 88).
«Боруссия» Д – Кобел, Свенссон, Шлоттербек, Жан, Зюле (Ян Коуто, 63), Гросс (Рейна, 80), Забитцер (Ўзжан, 46), Гиттенс (Байер, 58), Брандт, Адейеми (Дюранвил, 64), Гирасси.
Огоҳлантириш: Бернардо (49).
«Штутгарт» — «Волфсбург» 1:2
Голлар: Волтемаде (72) — Томаш (77), Амура (87, пеналти).
«Штутгарт» – Нюбел, Миттелштедт, Ҳендрикс, Шабо, Вагноман (Йелтш, 88), Штиллер, Каразор (Ридер, 88), Фюрих (Демирович, 84), Мийо, Левелинг (Дил, 70), Ундав (Волтемаде, 70).
«Волфсбург» – Мюллер, Кулеракис, Вавро, Герҳардт, Фишер (Роэрслев, 46), Виммер, Вранкс, Сванберг, Тиагу Томаш, Амура (Борнов, 90+4), Винд (Олсен, 71).
Огоҳлантиришлар: Фишер (8), Шабо (45+1), Каразор (45+4), Сванберг (76), Ҳендрикс (90+3), Беренс (90+3).
Шанба куни бундеслигада сюрпризлар ҳам бўлди. Биринчидан, «Боруссия» Боҳумда Масураснинг икки голидан кейин ўзига кела олмади. Дортмундликлар Чемпионлар лигасида амалда 1/8 финал йўлланмасини кафолатлаган. Аммо ички чемпионатда аҳвол оғирлигича қолмоқда. Нико Ковач жамоа бошқарувидаги икки ўйинида ҳам мағлуб бўлди ва турнир жадвалининг иккинчи қисмига тушиб кетди.
Аммо ҳали барчаси бой берилмаган. Еврокубоклар зонасидан олти очколик фарқ ажратиб турибди, бунга бошқа рақиблар, масалан «Штутгарт»даги пасайиш ҳам имкон бермоқда. Бу жамоа ўз уйидаги ўйиннинг 72-дақиқасида ҳисобни очди, аммо қолган вақт ичида нафақат устунлигини бой бериш, балки «Волфсбург»га ютқазишнинг ҳам уддасидан чиқди. Яқингача Себастян Ҳёнесс жамоаси ишонч билан кучли тўртликда бораётганди, сўнгги беш турда уч марта ютқазиб, олтинчи ўринга қулади. «Волфсбург» ва Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клублари жуда яқин масофадан таъқиб қилиб келмоқда.
Франция: «Монако» қутурди
«Марсел» — «Сент-Этиен» 5:1
Голлар: Гуири (27, 60), Гринвуд (50, пеналти), Мурилло (58), Рабио (77) — Стассин (79).
«Марсел» – Рулли, Корнелиус (Кондогбиа, 73), Балерди, Мурилло, Рабио, Мерлен (Дедич, 66), Ҳёйберг, Бинносир (Ронже, 67), Луис Энрике, Гуири (Роу, 81), Гринвуд (Надир, 72).
«Сент-Этиен» – Ларсоннер, Корню, Наде, Батубинсика, Петро, Тардие (Фомба, 81), Эква, Бушуари (Мутон, 62), Давиташвили, Стассен, Боачи (Кардона, 46).
Огоҳлантиришлар: Стассен (15), Корнелиус (68).
Кун ўйинларини очиб берган «Марсел» «ПСЖ»да провансалликлардан бошқа таъқибчи йўқлиги ҳақидаги фикрни яна бир бор тасдиқлади. Реал рақобатчи мақомига қадар ҳали узоқ, аммо жамоадаги ўсиш яққол кўриниб турибди. «Марсел» раҳбарлари Роберто Де Дзербига ишонч билдириб, хато қилмагани аниқ, унинг ортидан бир қатор сифатли футболчилар ҳам келишди. Ёздаги харидлардан ташқари январда «Велодром»га Бинносир, Гуири ва «Залцбург»дан яна бир ёш истеъдод Дедич олиб келинди. Айниқса Гуири катта таассурот қолдирмоқда, у янги жамоаси сафидаги уч ўйинда икки гол уриб, уч марта шерикларига ассистентлик қилишга улгурди ва «Марсел»нинг ҳозирги натижаларига катта ҳисса қўшди. 22 турдан кейин 50 гол — жамоанинг 1970/71 йиллар мавсумидан буён энг яхши кўрсаткичи.
«Монако» — «Нант» 7:1
Голлар: Бирет (44, 54, 64 пеналти), Минамино (45), Бен-Сегир (49), Иленикҳена (81, 90+5) — Аблин (4).
«Монако» – Маецки, Кайо Энрике, Мависса Элеби, Керер, Вандерсон (Диатта, 61), Закариё, Камара (Ал Мусрати, 61), Бен-Сегир, Минамино (Иленикҳена, 61), Аклиуш (Мишал, 78), Бирет (Кулибали, 83).
«Нант» – Антони Лопеш, Коцца, Амиян, Паллуа, Кастеллетто (Коко, 46), Соу, Дуглас (Гирасси, 67), Чиривеля (Леру, 88), Лепенан, Саймон (Элиа, 67), Аблин (Муҳаммад, 67).
Огоҳлантиришлар: Аблин (45), Комбуаре (74), Закариё (85).
Четлатиш: Коцца (8).
Шу куни «Монако» ҳам «Марсел»дан қолишмасликка ҳаракат қилди ва «Нант» 1955 йилдан буён лигадаги энг йирик мағлубиятини қабул қилиб олди. Ҳолбуки меҳмонлар тезкор гол урганида якуний натижа бундай кўриниш олишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Аммо «канарейкалар» 8-дақиқадаёқ камчилик бўлиб қолишди. Жамоа бир бўлим чидаб турди, аммо бўлиб охирида барчаси барбод бўлди.
Икки дақиқада икки гол — ва барчаси 180 даражага ўзгариб кетди. Мезбонларнинг қишдаги хариди Бирет ҳал қилувчи биринчи голни урди. «Арсенал» тарбияланувчиси бўлган ушбу даниялик иккинчи бўлимда ҳам гол уришда давом этди Франция чемпионатидаги дастлабки беш ўйинида етти гол урган ҳолда клуб рекордини ўрнатди. Йирик ғалаба эвазига монегасклар кучли учликка қайтишди. Энди жамоа якшанба куни «Ницца» ва «Лилл» ўзаро ўйинда қандай натижа қайд этишини кутади.
«Тулуза» — «ПСЖ» 0:1
Гол: Руис (52).
«Тулуза» – Рест (Ҳауг, 43), Суасо, Деннум, Акдаг (Сидибе, 79), Крессуэлл, Канво, Абуҳилол, Сиерро (Маккензи, 70), Кассерес, Бабика (Эжума, 79), Магри (Мессали, 70).
«ПСЖ» – Сафонов, Люка Эрнандес, Пачо (Маркинос, 63), Бералдо, Ҳакими, Меюлю (Жоау Невеш, 90+1), Фабиан Руис (Витиня, 63), Дуэ, Барколя (Гонсалу Рамуш, 74), Кварацхелия, Ли Кан Ин (Дембеле, 63).
Огоҳлантиришлар: Сиерро (39), Акдаг (56).
Луис Энрике ЕЧЛ ўтиш ўйинидан олдин қатор етакчиларга дам берди — фантастик спорт формасини намойиш этаётган Усмон Дембеле захирада қолдирилиб, унинг ўрнига 18 ёшли Сенни Маюлю ўйнади, Доннарумма эса қайдномага ҳам киритилмади. Аралаш таркиб эса фақат иккинчи бўлимда натижага эришди, Ли Кан Ин бурчакдан оширган тўпни марказий ҳимоячи Пачо тўсинга теккизди, қайтган тўпга биринчи бўлиб Фабиан Руис етиб келди.
Бўлим давомида Маркинос, Дембеле, Витиня ва Невеш каби етакчилар ҳам майдонга туширилди ҳамда ғалабали ҳисоб сақлаб қолинди. «ПСЖ» Франция чемпионатида энг яқин таъқибчиси «Марсел» билан 10 очколик фарқни сақлаб қолиб, пешқадамликни давом эттирмоқда. Кейинги турда парижликлар «Лион» билан ўйнайди. Аммо бундан олдин ҳафта ўртасида ЕЧЛ плей-оффи доирасида «Брест»га қарши жавоб ўйини ўтказилади.
Кун статистикаси
АПЛда «Арсенал» футболчиси захирадан тушиб 2 гол уриши 2018 йилдан буён кузатилмаганди. Ўшанда бу Обамеянг билан содир бўлганди, бу сафар Мерино уддалади.
Германия миллий жамоаси ҳужумчиси Кляйндинст қаторасига 5 турда гол урди. Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клубида бундай серия 20 йилдан буён рўй бермаганди, ўшанда бундеслигада Оливер Нойвиллни қаторасига олти тур давомида тўхтатиб бўлмаганди.
Олли Уоткинс «Астон Вилла» сафидаги уй ўйинларида 38-голини урди. Англия миллий жамоаси форварди бирмингҳэмликлар рекордини ўрнатди.
Ҳужумчи Родриго «Реал» сафидаги 250-ўйинини ўтказди. У Марсело (546), Роберто Карлос (527), Каземиро (336) ва Винисиус Жуниордан кейин (296) бу нуқтадан ўтган бешинчи бразилияликка айланди.
Мавзуга оид

13:53
«Реал» «Барса»га етиб олди, «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

10:50 / 09.03.2025
«Сити» муҳим ўйинда ютқазди, «Барселона»да фожиа. Кун ўйинлари

03:05 / 06.03.2025
«ПСЖ» «Ливерпул»га аламли тарзда ютқазди, «Барса» 10 киши бўлиб ғалаба қозонди

12:16 / 05.03.2025