Жаҳон | 19:59 / 14.02.2025
1585
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск раҳбарлик қилаётган департамент сайтида заифлик аниқланди

Ушбу заифлик орқали исталган фойдаланувчи сайтдаги маълумотларни таҳрирлай олиши мумкин. Экспертларга кўра, DOGE сайти ҳукумат серверларида фаолият юритмаяпти.

Фото: The Verge

Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) сайтида заифлик аниқланди. Ушбу заифлик орқали исталган фойдаланувчи у ердаги маълумотларни таҳрирлай олиши мумкин, деб ёзади The Verge.

Сайт фаолиятидаги хатоликни веб дастурлаш бўйича экспертлар аниқлаган бўлиб, бу ҳақда 404Media орқали маълум қилган. Улардан бири мисол тариқасида сайтда қуйидагича пост қолдирган: «Бу «экспертлар» ўз маълумотлар базасини очиқ қолдирган».

Doge.gov сайтида «бу АҚШ ҳукуматининг расмий сайти» дейилган. Аммо экспертларнинг фикрича, у ҳукумат серверларида фаолият юритмайди.

Илон Маск раҳбарлиги остидаги Ҳукумат самарадорлиги департаменти Доналд Трамп АҚШ президентлиги лавозимига киришганидан кейин иш бошлаган. Мазкур тузилма Америка ҳукумати фаолияти самарадорлигини ошириши кутилмоқда. Хусусан, департамент федерал агентликларга ўз ходимларини жойлаштиради — улар қандай қоидаларни соддалаштириш ёки бекор қилиш, қайси ходимларни ишдан бўшатиш кераклиги бўйича тавсиялар беради. Шу билан бирга, департамент кенг ваколатларга эга, унинг ходимлари АҚШдаги қатор федерал агентликлар устидан назоратни қўлга киритиши мумкин.

DOGE — АҚШ ҳукумати департаменти эмас

DOGE ҳукумат департаменти эмас ва Маск янги маъмуриятнинг аъзоси саналмайди. Шу билан бирга, унинг Ғарбий қанотда офиси, шунингдек, Оқ уй мажмуасининг бир қисми бўлган Эйзенхауэр маъмурий идораси биносида офиси мавжуд.

Миллиардернинг кўрсатмаси бўйича 19 ёшдан 25 ёшгача бўлган дастурчилар ва муҳандисларга федерал агентликларнинг нозик маълумотлари устидан назорат бериляпти ҳамда улар оммавий ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишяпти.

Мавзуга оид