Ҳафта охирида ҳудудларда ёғингарчилик кутилмоқда
Якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан бошқа ҳудудларда ёмғир ёғади. Ҳарорат +3…+6 даражагача пасаяди. Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

Фото: Kun.uz
Якшанба куни Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг шимоли-ғарбий ҳудудларидан ташқари) ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.
Жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилояти шимолида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Сурхондарё, Тошкент, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.
Шанба куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади.
14–15 феврал кунлари ҳаво ҳарорати +7…+10 даражагача кўтарилади. Якшанба куни кундузги ҳарорат +3…+6 даражагача пасаяди. Ҳарорат асосан кечалари 0…+5 даража бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 метр/сония тезликда эсади, 16 феврал, якшанба куни айрим жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Тошкент шаҳрида жума куни бироз ёмғир ёғиши мумкин. 15 феврал куни ёғингарчилик кутилмайди. 16 февралда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади. Жума ва шанба кундузи ҳарорат +7…+10 даража бўлади. Якшанба куни +3…+6 даражагача пасаяди. Ҳарорат асосан кечалари 0…+3 даража бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.