«Энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшлар овозини эшитишга мажбур» — президент
Ёшлар турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилмоқда.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида азм-у шижоатли, навқирон ёшлар билан учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, уларнинг тимсолида Янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини таъкидлади.
«Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшлик – бу қалбнинг олтин сози. Бунга қўшимча қилиб, ёшлар – халқимизнинг, Ватанимизнинг олтин фонди, десак тўғри бўлади. Аҳолимизнинг 60 фоизини айнан ёшлар ташкил этиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бугунги кунда биз мард ва матонатли халқимизга, серғайрат ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз. Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?
Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар – бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар», - деди президент.
Ёшлар турли соҳалардаги ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
«Ҳозирги вақтда дунёдаги «топ» олийгоҳларда 1,5 мингдан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон учун тарихда кузатилмаган воқелик. Яқинда Бирлашган Араб Амирликларида ўтган катта форумда Тошкент шаҳридаги Президент мактаби глобал даражада энг нуфузли номинацияда ғолиб деб топилди.
Бунинг бош омили нимада, деб сўрасангиз, мен аввало ёшларга муносабат давлат миқёсида бутунлай ўзгарганида, деб жавоб берган бўлардим. Ўғил-қизларимиз ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини сезиб, ўзларига беқиёс куч олмоқда», - деди президент.
Бундан беш йил олдин Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламенти ташкил этилган эди. У ерда ёшлар сиёсий етакчилик, демократия мактаби, парламентаризм мактаби қандай бўлишини амалда кўрди. Охирги сайловда ана шу ёшлардан икки нафари Қонунчилик палатасига, 250 нафари кенгашларга депутат бўлиб сайланди.
«Энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг баралла овозини эшитишга мажбур. Ёшлар буюк келажагимизнинг асосий бўғини эканлигини тушунмаган раҳбар бизнинг сафимизда бўлишга ҳаққи йўқ», - деди президент.
Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.
Бу давлат ва жамият зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.
Бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Биргина «Ёшлар дафтари» орқали ўтган йили 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.
Ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Ишсизликдан холи маҳаллалар сони 1 минг 889 тага етди.
Шу билан бирга, Шўрчи, Бувайда, Фурқат, Касби, Фориш туманларида ишсиз ёшлар кўплиги у ердаги раҳбарларнинг масъулиятсизлигидан далолатлиги кўрсатиб ўтилди.
Илгари олий таълимда 1 та ўрин учун камида 10 нафар йигит-қиз кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди. Тизимда қамров 42 фоизга етди.
Хотин-қизларга контракти давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига талаба қизлар сони 11 карра кўпайди.
«Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз», - деди президент.
Ўтган 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар ёшлар хорижга ўқишга юборилган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 3 баробар кўп ўғил-қизларимиз бундай имкониятга эга бўлди.
Энди, Ёшлар агентлиги хорижда ўқиётган ҳар бир талабага бош-қош бўлиб, эҳтиёжларини аниқлаши, Ватанга қайтиб, ўз ўрнини топиши, муваффақиятли карьера қилиши каби масалаларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан тенг масъул бўлиши белгиланди.
Илмий даражали ёш олимларимиз сони 2 карра ошиб, 4 минг 357 нафарга етди. Айниқса, фарзандларимиз орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди.
Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, яқинда билимдон ва интилувчан Парвиз Туксанов SAT имтиҳонидан энг юқори – 1 минг 600 балл тўплади. Президентимиз уни ушбу натижа билан қизғин табриклаб, ота-онаси ва ўқитувчиларига миннатдорлик билдирди.
Яна бир ибратли мисол – «Китобсевар миллат» ғояси асосида ёшларда мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган «Ёш китобхон» танловидаги иштирокчилар сони 6 карра ошиб, 3 миллион нафарга етди.
Бир гуруҳ фаол ёшлар томонидан яратилган «Мутолаа» лойиҳаси орқали 1 миллиондан ортиқ ёшлар китобхонлар қаторига кирди.
Ҳозирги тезкор ахборот алмашинуви даврида ёш авлод, айниқса, болажонларимиз учун миллий контентларни яратиш долзарб вазифадир. Бундай контентни боғча ва мактабдаги таълим жараёнларида намойиш этиш орқали янада оммалаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мавзуга оид

20:14 / 10.03.2025
Шавкат Мирзиёев 11 март куни давлат ташрифи билан Францияга боради

21:18 / 07.03.2025
Шавкат Мирзиёев Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди

20:41 / 07.03.2025
Ҳар йили камида 200 нафар қиз дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади

20:29 / 07.03.2025