Жамият | 11:50 / 10.02.2025
14047
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари қўлга олинди

Сурхондарёда супургилар дастагига яширилган 612 кг гиёҳвандлик воситасини олиб киришга уриниш фош қилинди.

Фото: ДХХ

ДХХ Чегара қўшинлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини республикага олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш бартараф этилди.

2025 йил 9 феврал куни Сурхондарё вилоятидаги “Термиз автойўллари” халқаро ўтказиш пункти орқали республика ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган технологик схема асосида чегара назоратидан ўтказиш жараёнида мазкур автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортди.

Шундан сўнг, мазкур автотранспорт воситаси “Термиз автойўллари” халқаро ўтказиш пунктига туташ ҳудуддаги "Термиз" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, ундаги товарлар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилди.

Аниқланишича, юк автотранспорт воситасига 180 та қопда супурги жўхориси ўсимлигидан тайёрланган 22 минг 500 дона хўжалик супургилари ортилган. Мазкур супургиларни синчиклаб кўздан кечириш давомида, 2986 дона супургиларнинг дастаклари орасига айнан супурги рангига мос равишда сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 см узунликдаги полиэтилен ўрамлар яширилгани фош бўлди. Ушбу ўрамлар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг айримлари ичига ўртача 200 гр оғирликдаги ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда яширилгани аниқланди.

Шундай қилиб, мазкур ҳолатда 2984 дона супурги дастакларидан ажратиб олинган ўрамлардаги ўткир ҳидли тўқ жигарранг гиёҳвандлик воситалари экспресс анализ натижаларига кўра, “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланди ва ушбу заҳри қотил оғирлиги ўрамлари билан бирга 612 кгни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга кадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид