Жаҳон | 12:24 / 10.02.2025
3020
3 дақиқада ўқилади

Макрон Трампни ЕИ билан савдо урушига киришмаслик ҳақида огоҳлантирди

Франция президенти АҚШга савдо урушини бошлаш ўрнига Хитой, Яқин Шарқдаги инқироз ва Украинадаги урушга қарши туришга эътибор қаратишни маслаҳат берди.

Фото: CNN

Франция президенти Эммануэл Maкрoнга кўра, АҚШнинг Европа Иттифоқи товарларига божлар жорий этиши инфляциянинг ошишига олиб келиши билан Америка иқтисодиётига зарар етказиши мумкин. Maкрoн 10 феврал, душанба куни CNN телеканалига берган интервюсида Вашингтонни Европа Иттифоқи билан савдо урушини бошлаш ўрнига Хитой, Яқин Шарқдаги инқироз ва Украинадаги урушга қарши туришга эътибор қаратишга чақирди.

«Европа сизнинг иттифоқдошингиз ва агар сиз Европа сармоя, мудофаа ва хавфсизлик масалаларида кўпроқ иштирок этишини истасангиз, тараққиётга умид қилсангиз, бу АҚШ манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман, божлар билан таҳдид қилиб, Европа иқтисодиётига зарар етказмаслигингиз керак», деб таъкидлади Франция президенти.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқига божхона тўловлари билан таҳдид қилиб, Европа билан савдо тақчиллигини камайтириш зарурлигини айтиб ўтганди. Европа Иттифоқи тегишли жавобга тайёр эканини маълум қилди. Бир кун аввал Трамп барча давлатлар учун истисносиз АҚШга пўлат ва алюминий импортига 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Унинг биринчи президентлик давридаги худди шундай ҳаракат АҚШ ва Брюссел ўртасида кескин савдо можаросига олиб келди. Ўшанда Европа Иттифоқи бир қатор Америка товарлари, жумладан, Harley-Davidson мотоцикллари ва Levi Strauss кийим-кечак брендига ўзининг махсус божларини ўрнатди.

Трамп пўлат ва алюминий импортига божлар ҳақида эълон қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШга пўлат ва алюминий импортига 25 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди, деб хабар берди dpa 10 феврал куни. Республикачига кўра, янги тарифлар барча мамлакатларга таъсир қилади ва шу ҳафтадан расман кучга киради. Бундан ташқари, Трамп Америка товарларига бож қўядиган давлатлар учун «жавобан тарифлар» жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Оқ уйга қайтгач, Трамп қаттиқ тариф сиёсатини амалга оширишга киришди. У Европа билан савдо камомадини камайтириш зарурлигини кўрсатиб, Европа Иттифоқига божлар жорий қилиш билан таҳдид қилди ва «ноқонуний муҳожирлар ва гиёҳванд моддалар таҳдиди» туфайли Хитойдан келадиган товарларга 10 фоиз, қўшни Мексика ва Канада маҳсулотларига эса 25 фоизлик божлар жорий этишни буюрди. Оттава ва Мехико АҚШ билан чегараларида хавфсизликни кучайтиришга ваъда берганидан сўнг, божлар 30 кун давомида музлатиб қўйилди.

Мавзуга оид