Жаҳон | 21:24 / 07.03.2025
8731
3 дақиқада ўқилади

Украина биринчи марта Франциянинг Mirage қирувчи самолётларидан фойдаланди

Франция томонидан ҳарбий ёрдам доирасида тақдим этилган Mirage 2000 қирувчи самолётлари Украинага феврал бошларида етиб келганди.

Фото: Flickr

Украина Қуролли кучлари (УҚК) Россия томонидан муҳим инфратузилма объектларига уюштирилган ҳужумни қайтаришда биринчи марта Франция тақдим этган Mirage 2000 қирувчи самолётларидан фойдаланди. Бу ҳақда мамлакат УҚК Ҳаво кучлари хабар берди.

Украиналик ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, Россия ҳаво ҳужумини амалга оширишда 261 та воситадан, жумладан, турли типдаги 67 та ракета ва 194 та дрондан фойдаланган — ҳужумнинг асосий нишони газ саноати объектлари бўлган.

Франция томонидан тақдим этилган қирувчилардан жанговар ҳолатда фойдаланилганини Украина президенти Володимир Зеленский ҳам тасдиқлади. Шунингдек, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, УҚК ҳужумни қайтаришда F-16 қирувчиларидан ҳам фойдаланган.

УҚК Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, украиналик ҳарбийлар 134 та ҳаво нишонини яксон қилишга муваффақ бўлган, улар орасида 25 та Х-101 ва Х-55CМ қанотли ракеталари, 8 та «Калибр», 1 та бошқарилувчан Х-59/69 авиация ракетаси ва 100 та учувчисиз учиш аппарати бор. Бундан ташқари, Россиянинг ўнлаб ракеталари нишонга етиб бора олмаган, 86 та «имитатор» дрон салбий оқибатларни юзага келтирмай, «йўқолган».

Зеленскийнинг аниқлик киритишича, ҳужум Одесса, Полтава, Чернигов ва Тернопол областларининг энергетика объектларига уюштирилган. Шу билан бирга, аҳоли турар-жойларига ҳам шикаст етган: Харкивда Россия ракетаси кўп қаватли турар-жой биноси яқинига келиб тушган, оқибатда тинч аҳоли жароҳат олган.

Франция томонидан ҳарбий ёрдам доирасида тақдим этилган Mirage 2000 қирувчи самолётлари Украинага феврал бошларида етиб келганди. Киевга айнан нечта самолёт берилгани очиқланмаган, аммо La Tribune манбаларига кўра, биринчи партиядан учта борт ўрин олган, Франция томони Украинага бу турдаги қирувчилардан жами олтита бериши мумкин.

Mirage 2000 нинг Украинага бериш қарори ҳақида илк бор Франция президенти Эммануэл Макрoн 2024 йил июнда маълум қилганди. Декабр ойида эса Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню етказиб беришлар 2025 йил март охирига қадар амалга оширилиши, қирувчи самолётлар янги «ҳаво-ер» ва радиоэлектрон кураш тизими билан жиҳозланишини тасдиқлаган эди.

Мавзуга оид