Жаҳон | 21:40 / 10.02.2025
999
2 дақиқада ўқилади

Литва сувости кабеллари ҳимоясини молиялаштиришга ЕИни жалб этмоқчи

Вилнюс кейинчалик ЕИ харажатларни қоплаб бериши шарти билан сувости кабеллари инфратузилмасини ҳимоя қилишга маълум вақт ўз маблағларини йўналтиришга тайёр.

Фото: AFP

Литва ҳукумати Европа Иттифоқини Болтиқ денгизи тубидан ўтувчи сувости кабеллари ҳимоясини молиялаштиришга жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Гинтаутас Палуцкас Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин маълум қилди. У Литванинг эҳтиёжларини 32–34 миллион еврога баҳолади.

«Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб биргина Литванинг эҳтиёжи тахминан 32-34 миллион еврога баҳоланмоқда», — дейди Палуцкас. Унинг сўзларига кўра, маблағлар кабелларнинг жисмоний ва технологик ҳимояси учун зарур.

Литва бош вазирининг таъкидлашича, Вилнюс кейинчалик ЕИ харажатларни қоплаб бериши шарти билан сувости кабеллари инфратузилмасини ҳимоя қилишга маълум вақт ўз маблағларини йўналтиришга тайёр. Палуцкаснинг таъкидлашича, Вилнюс ЕИнинг мазкур масала бўйича сиёсий қарори «имкон қадар тезкор» қабул қилинишини кутмоқда.

9 феврал куни энергетика ва уй-жой хўжаликлари масалалари бўйича еврокомиссар Дан Йергенсен ҳамда мудофаа ва космос бўйича еврокомиссар Андрюс Кубилюс ЕИнинг 2028-2034 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш кун тартибига муҳим энергетика инфратузилмалари ҳимояси масаласини ҳам киритишга чақирганди.

Болтиқбўйи давлатларида сувости инфратузилмалари ҳимояси ўтган йилнинг охирларидан — минтақадаги кабелларга шикаст етганидан бери муҳокама қилинмоқда. Ноябр ойида Швеция ва Литва ўртасидаги кабел узилганди. Декабр ойида эса Финландия ва Эстония ўртасидаги EstLink2 кабели ва Финландиянинг Эстония ва Германия билан боғлаб турувчи яна тўртта телекоммуникация кабелига шикаст етган эди.

Мавзуга оид