Жаҳон | 21:44 / 10.02.2025
4095
6 дақиқада ўқилади

10 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Бухорода магистрал газ қувуридаги ёнғин, супурги ичига яширилган 612 кило наша, яшил ҳудудларни бетонлаштириш учун жазо ҳамда аҳолиси энг кўп шаҳар ва туманлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Бухорода магистрал газ қувурида авария рўй берди

Бухоро вилоятидаги «Бухоро–Урал» магистрал газ қувурида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, диаметри 1020 мм бўлган ва 26 кг босимдаги қувурнинг 106-километрида 10 феврал соат 11:26 да газ чиқиши туфайли ёнғин келиб чиққан.

Соат 11:30 да газ узатиш тўхтатилиб, ёнғин батамом ўчирилган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Энг яқин аҳоли маскани Ромитан тумани «Қизилработ» маҳалласи, авария содир бўлган жойдан 40 км узоқликда жойлашган.

Бухородаги авария туфайли метан шохобчалар ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо Энергетика вазирлиги бундай чекловлар расман йўқлигини билдирди. Бошланғич маълумотда вақтинчалик чекловлар ҳақида айтилган бўлса-да, кейинроқ вазирлик шохобчалар ҳозирги режимда ишлашда давом этишини эълон қилди.

94 киши жиноий рейдларда жиноий жавобгарликка тортилди

Ўзбекистонда ахлоқ ва соғлиққа қарши жиноятларни аниқлаш, гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш мақсадида «Орият» ва «Қорадори» кенг кўламли тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, ўтказилган рейдлар давомида 93 та жиноят иши қўзғатилиб, 94 киши жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

29 кг гиёҳвандлик воситалари ва 9421 дона психотроп дорилар мусодара қилинди, одам савдосида гумонланган 3 киши Тошкент аэропортида ушланди.

Тезкор тадбирларда 53 нафар қидирувдаги шахс ушланган

Тадбирлар доирасида сауналар, SPA салонлар, меҳмонхоналар, караоке барлар ва бошқа жамоат жойлари текширилди. Шунингдек, 656 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 234 нафари расмий огоҳлантирилди.

Сурхондарёда 612 кг гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди

Сурхондарёда супургилар дастагига яширилган 612 кг гашишни республика ҳудудига олиб киришга уриниш фош этилди.

ДХХ Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ходимлари 9 феврал куни «Термиз автойўллари» халқаро ўтказиш пункти орқали транзит ўтиш учун кириб келган юк машинасини текшириш жараёнида шубҳали юкни аниқлади. 13,5 тонна супурги ортилган юк машинаси чуқурроқ кўрикдан ўтказилганда, 2986 дона супурги дастакларида полиэтилен ўрамларга ўралган гиёҳванд моддалар борлиги маълум бўлди.

Экспресс-анализ натижаларига кўра, 612 кг гиёҳвандлик моддаси «гашиш» экани тасдиқланди. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Яшил ҳудудларни бетонлаштириш учун жазо

2025 йил 1 июлдан бошлаб кўп қаватли уйлар ҳудудларида тупроқ ва яшил қопламали майдонларни ўзбошимчалик билан бетонлаштириш ва қурилма ўрнатиш учун жазо кучайтирилади.

Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган президент фармонида белгиланди.

Хўш, янги тартиб нимани ўз ичига олади?

  • Яшил ҳудудларни ҳимоя қилиш ва бетонлаштиришни чеклаш;
  • Атроф-муҳитга зарар етказишнинг олдини олиш;
  • Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш;
  • Шаҳарларда экологик муҳитни яхшилаш каби чоралар назарда тутилмоқда.

Фармонда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурсларни тежаш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этишга урғу берилган. Қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш, микро ва кичик ГЭСларни кенгайтириш ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланди.

Ўзбекистонда аҳолиси энг кўп туман ва шаҳарлар

Ўзбекистонда аҳолиси энг кўп туман ва шаҳарлар қайсилари эканини биласизми? Статистика агентлиги пойтахт Тошкент шаҳридан ташқари Ўзбекистонда аҳолиси энг кўп бўлган туман ва шаҳарлар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра энг кўп аҳоли яшайдиган шаҳарлар учлиги қуйидагилар:

1. Наманган – 713,4 минг киши

2. Самарқанд – 595,8 минг киши

3. Андижон – 492,4 минг киши

Энг кўп аҳоли яшовчи туманлар эса:

1. Самарқанд вилояти Ургут тумани – 572,6 минг киши

2. Сурхондарё вилояти Денов тумани – 430,5 минг киши

3. Тошкент шаҳри Олмазор тумани – 412,0 минг киши

Шунингдек, Юнусобод (385,2 минг), Шайхонтоҳур (369,9 минг) ва Асака (362,1 минг) туманлари ҳам аҳоли сони бўйича етакчи ҳудудлар қаторига кирган.

2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 37,5 млн кишини ташкил этди.

Ўзбекистон ЯИМ 115 млрд долларга етди

Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда 6,5 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,45 квадриллион сўм ёки 114,9 млрд долларни ташкил этди.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ 3 минг 93 доллар бўлиб, 2023 йилга нисбатан 4,4 фоизга ўсган. 2020 йил билан солиштирилганда ўсиш 19,5 фоизни ташкил қилди.

ЯИМ таркибида хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши 47,4 фоизга, саноат улуши 26,4 фоизга ошган. Қишлоқ хўжалиги улуши эса 19,2 фоизга ва қурилиш улуши 7 фоизга пасайган.

Мавзуга оид