Ўзбекистон | 10:53 / 07.02.2025
5918
4 дақиқада ўқилади

Хивага авиарейс бўлмагани учун туристлар қайтиб кетяпти — Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Уч йил олдин қабул қилинган хизматлар секторини ривожлантириш бўйича катта дастур бугун натижасини бераётгани таъкидланди.

Қўшимча 1,5 миллион аҳоли сервис соҳасида доимий даромадга эга бўлди. Хизматлар 2018 йилдаги 19 миллиарддан 65 миллиард долларга ошди (ўсиш – 3,5 баробар).

Айниқса, IT, молиявий хизматлар, туризм, авиация, таълим ва тиббиёт соҳаларида «катта сакраш» бўлди.

Сўнгги етти йилда аҳоли даромади ва тўлов қобилияти 2 карра ўсгани натижасида аҳолида янгича хизмат ва сервис турларига талаб ортмоқда.

Шунга яраша вазирлар ва ҳокимлар талабга мос равишда хизматларни ривожлантириши кераклиги қайд этилди.

Сервисни ривожлантириш бўйича вазир ва ҳокимларда ёндашув ҳар хиллиги, биргаликда ишлаш йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Хоразмга 6 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ олиб келиш режа қилинган бўлса-да, Хоразмга ҳафтасига 52 та авиарейс ва 23 та поезд қатновида ташилаётган йўловчилар йилига 800 мингдан ошмаяпти. Бухоро ва Самарқандга келган туристларнинг кўпчилиги Хивага авиарейс бўлмагани учун қайтиб кетяпти.

Яна бир мисол, етти йилда хусусий клиникалар сони 3 карра ошди. Кўп клиникалар олиб келинган бренд тиббий ускуналарни рўйхатдан ўтказиш 6 ойгача чўзилаётганидан норози бўлиб, четдан келадиган ускуналарни соддалашган тартибда рўйхатдан ўтказиш таклифини беряпти.

Жойларда тиббий лаборатория очиш учун тадбиркорлар аккредитациядан ўтишга ойлаб вақт сарфлаяпти. Тўсиқлар жуда кўп. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир вилоятда 10 нафардан шундай тадбиркор бор. Улар 1 миллион доллардан пул тикиб, лаборатория очишга тайёр.

Тиббиёт, авиация ва энергетикада хусусий сектор иштирокидаги лойиҳалар 20 миллиард доллардан ошди.

Лекин, ичимлик суви, канализация ва йўл қурилишида бундай лойиҳалар деярли йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Шароит яратиб берилса, 1 миллиард доллар сармоя киритиб, 10 мингта иш ўрни қиламан, деган маҳаллий тадбиркорлар жуда кўп.

Уч йил олдин 5 минг квадрат метрдан ортиқ савдо ва сервис объектлари қуриш бўйича имтиёз берилган. Ўтган даврда 209 та бундай объектлар қурилди. Лекин, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида бу борадаги ишлар қониқарсиз.

Сўнгги тўрт йилда чорвачиликни ривожлантириш учун халқаро молия институтларидан 700 миллион доллар олиб келинди, бу йил яна 350 миллион доллар жалб қилинади. Бунинг ҳисобига камида 20 мингдан зиёд ветеринарга эҳтиёж пайдо бўлади. Биргина Бухорода 250 нафар ветеринарга талаб бор.

Йил якунигача хусусий ветеринария ва пара-ветеринария хизмати ҳажмини 5 бараварга ошириш топширилди.

Ҳамма ҳудудларда ҳам хизматлар бирдек ривожланмаётгани қайд этилди. Мисол учун, Нукус туманида ўтган йили 363 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 22 фоизга ўсган. Лекин аҳолиси ундан 2 баравар кўп бўлган Гулистон туманида хизматлар ҳажми Нукус туманидан 30 миллиард сўмга кам.

Ёки, Наманган шаҳрида жон бошига тўғри келадиган хизматлар 13 миллион сўмга ҳам етмаслиги (Жиззах шаҳрида – 33 миллион сўм) ҳалиям «хуфиёна иқтисодиёт» юқорилигидан далолат беради. 

Нишон, Янгиқўрғон, Нарпайда IT хизматлари анча орқадалиги, Самарқанд ва Янгиер шаҳри, Мирзаобод, Мирзачўлда молиявий хизматлар ҳажми пасайгани, Қарши шаҳри, Жомбой, Ургут, Урганч, Учтепа туманларида савдо ўсмаётгани, Фарғонанинг 7 та туманида тиббий хизматлар ҳажми қисқаргани танқид қилинди.

Ҳамма вазир ва ҳокимлар янги-янги хизмат турларини кўпайтириш бўйича ҳар куни изланишда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. 

Бу йилда хизматлар ҳажмини 15 фоизга ошириб, 82 миллиард долларга, экспортини эса 8,5 миллиард долларга олиб чиқиш, соҳада 2,5 миллион одамни даромадли қилиш бўйича катта марра олинган.

Мавзуга оид