Жаҳон | 12:02 / 07.02.2025
2485
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик қария умри давомида 700 дан ортиқ уйсиз болага ёрдам берди

Эркак қийин аҳволга тушиб қолган болаларга бошпана масаласида беғараз ёрдам берган, баъзиларини эса асраб олган.

Фото: AP

Хитойнинг шарқидаги Чжецзян провинциясида яшовчи 80 ёшли Ван Ванлин 700 дан ортиқ боланинг “отаси”га айланди. Эркакнинг ўзи умри давомида оила қурмаган, деб ёзади South China Morning Post.

Гап шундаки, эркак 1979 йилдан буён уйсиз ёки турли сабабларга кўра кўчада қолган болаларга ёрдам бериб келмоқда. Ванлин биринчи марта бундай болани 34 ёшида учратган. Ўшанда 15 ёшли ўсмирни алдаб кўмир конида ишлашга мажбур қилишар, оқибатда бола уйига қайта олмаётган эди. Бир ҳафтадан сўнг, Ван унга поезд чиптасини олиб берди.

Бу воқеа Ванлиннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборди. Ёшлигида у ҳам қийналган —қўшниси уни ноҳақ ўғриликда айблаганди. Ванни жиноятни бўйнига олишга мажбурлаб, сўнгра уни олисдаги ҳудуддаги фермага юборишган. У ерда у 16 йил давомида ишлашга мажбур бўлган.

1978 йилда Ванлин озодликка чиқиб, фабрикада иш топди. Орадан бир йил ўтиб, қийин аҳволга тушиб қолган болаларга ёрдам беришни бошлади. Уларни ўз квартирасига таклиф қилар, маошини эса болаларни боқиш ва уйларига қайтариш учун сарфларди. Бунинг эвазига эркак болалардан уйга соғ-саломат етиб боргани ҳақида хабар беришни сўрарди, холос.

Ванлин оиласи йўқ ўнлаб болаларни ўз қарамоғига олди. У 12 ёшли Юй исмли болани ҳам қутқариб қолган. Ван туфайли Юй ҳаётда муваффақиятга эришди: у ўзи ишлаб топган пулига оиласи учун икки қаватли уй қурди.

2022 йилда Юй Ван ёлғиз яшаётганидан хабар топди. Шунда у қарияга ғамхўрлик қилиш вақти келганини тушунди. Ижтимоий тармоқларда Юй Ванлиннинг ҳаёти ҳақида сўзлаб берди — унинг ҳикояси минглаб фойдаланувчиларни таъсирлантирди. Баъзилар уни “улкан қалб эгаси” деб атади.

Ванлин бир пайтлар ўзи қутқарган 700 нафар боланинг хатларини асраб келмоқда.

Мавзуга оид