Жаҳон | 22:07 / 05.02.2025
9530
4 дақиқада ўқилади

USAID узра қора булутлар: нима гап ўзи?

Американинг USAID деган ташкилот ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Унинг кенгайтмаси United States Agency for International Development – яъни Қўшма Штатлар халқаро ривожланиш дастури. Жон Кеннеди асос солган бу ташкилот бутун дунёдаги эҳтиёжманд давлатларга миллиардлаб доллар хайрия қилади. Ташкилот яқинда президент Трамп унинг иттифоқчиси Илон Маск томонидан биологик қурол ишлаб чиқариш ва ҳатто терроризмни қўллаб-қувватлашда айбланди.

Аввалига USAID Украинага барча ёрдамларни тўхтатиши эълон қилинди. Уруш бошланганидан буён АҚШ бу ташкилот орқали Киевга 34 миллиард доллар хайрия қилганди. Ўшанда кўпчилик АҚШ Украинани музокарага ундаш учун бу давлатга ҳар қандай ёрдамни тўхтатди деб ўйлади. Лекин гап Украинада эмаскан, АҚШ президенти Трамп бутун дунёдаги давлатларга иқтисодий ва ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйди. Истисно тариқасида фақат бир давлатга ҳарбий ёрдам тўхтатилмади, табиийки Исроилга.

Аста-секин АҚШнинг энг йирик хорижий хайрия дастури бўлмиш USAID манзилига шу қадар жиддий айбловлар қўйилдики, уларни эшитиб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу айбловлар оддий одамлар томонидан айтилганда ҳам бошқа гап эди, кимсан АҚШ президенти Трамп ва унинг бош маслаҳатчиси Маск USAID бўйнига дунёдаги барча гуноҳларни илиб чиқишди.

«Улар қанча одамни ўлдирганини биласизми?»

Трамп сайловни ютганидан кейин унинг асосий маслаҳатчисига айланган дунёнинг энг бой одами Илон Маск USAIDʼни COVID-19 вирусини яратишни молиялаштиришда айблади.

«USAID сиз тўлаган долларлар эвазига биологик қурол ишлаб чиқаришни, хусусан, миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган COVID-19 вирусини яратишни молиялаштирганини биласизми?» деб америкаликларга мурожаат қилди Маск Твиттердаги саҳифасида.

Кейин Маск фойдаланувчилардан бирининг USAID Марказий разведка бошқармасига тегишли сохта ташкилот экани ҳақида ёзган твитини улашди. Бу фойдаланувчи USAID Хитойнинг Уҳан шаҳрида жойлашган Eco Health Alliance лабораториясига коронавирус устида тадқиқот олиб бориши учун 53 миллион доллар ажратганини ёзган.

Шунингдек, миллиардер «USAID дунёдаги энг йирик террорчилик ташкилоти» деб ёзилган твитларни ҳам ретвит қилган. «USAID жиноий ташкилот, унинг ўлиш вақти келди», деб ёзди Маск навбатдаги постида.

CNN ўз манбаларига таяниб ёзишича, бу можаро бошланишидан аввал Илон Маск USAID мулозимларидан ташкилот бошқарув тизимига кириш учун ваколат сўраган. Буни рад этишгач USAIDʼнинг икки юқори мартабали мулозими муддатсиз таътилга чиқариб юборилган.

Доналд Трамп маъмурияти USAIDʼни Давлат департаменти назоратига ўтказишни мақсад қилган. Бу хабарлар фонида ташкилот сайти ишламай қолди. USAIDʼнинг бутун дунё бўйлаб хайрия дастурлари 90 кунга музлатиб қўйилган.

Терроризм ҳомийлиги айблови

Оқ уйнинг айблови янада жиддий. Унда айтилишича, USAID Афғонистондаги ирригация тармоқларини молиялаштирган. Худди ўша тармоқлар эса опий наркотик моддаси етиштириш учун ишлатилган. Шунингдек, Оқ уй USAIDʼни «Ал Қоида» жангариларининг овқатланиши учун пул тўлашда айблаган. Айбловнинг бу бандида айтилишича, USAID Суриядаги «Ал Қоида»га алоқадор гуруҳларга юз минглаб порция овқат етказиб берган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид