МРБ барча ходимларига ишдан бўшаш ва компенсация олишни таклиф қилди
Марказий разведка бошқармаси директорининг ёрдамчиси янги ходимларни ишга ёллаш ҳам тўхтатилишини маълум қилди. Разведка идорасидан ўз хоҳиши билан кетмоқчи бўлган ходимларига 8 ойлик иш ҳақи тўлаб берилади.

Фото: Central intelligence Agency
АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ўз ходимларига саккиз ойлик иш ҳақи ва имтиёзларни олган ҳолда ишдан бўшаш таклифини билдирди, деб ёзади The Wall Street Journal.
Нашр суҳбатлашган амалдорларнинг сўзларига кўра, бу идорани Доналд Трампнинг Мексика наркокартелларига қарши курашиш ва Хитойга қарши туриш борасидаги устувор мақсадларига мос келишини таъминлашга уринишдир.
Январ охирларида федерал даражадаги давлат хизматчиларига ҳам шу каби таклиф берилган эди. The Wall Street Journal’нинг қайд этишича, МРБ ушбу ташаббус қўлланган биринчи разведка идораси бўлиши мумкин.
МРБ директори Жон Рэтклиффнинг ёрдамчисига кўра, идора янги ходимларни ишга ёллашни тўхтатади, гарчи уларнинг баъзилари олдиндан таклифни қабул қилган бўлса ҳам. Унинг қўшимча қилишича, номзоднинг МРБни янги мақсадларига мос келадиган таржибаси бўлмаса, таклифларнинг бир қисми қайтариб олиниши мумкин.
«Директор Рэтклифф МРБ ходимлари миллий хавфсизлик соҳасида АҚШ президенти администрациясининг устувор вазифаларига жавоб бериши учун тезкор чораларни кўрмоқда», — дейилади МРБ баёнотида. Махсус хизмат вакилларининг ҳисоблашича, ушбу қадам «агентликка янги энергия беришга» йўналтирилган стратегиянинг бир қисми.
Доналд Трампнинг инаугурациясидан кейин АҚШ президенти маъмуриятида миллиардер Илон Маск раҳбарлиги остида Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) ташкил этилган. Ушбу тузилма ортиқча норматив актларни бартараф этиш, амалдорлар ва харажатларни қисқартириш билан шуғулланади.
WSJ маълумотларига кўра, Трамп маъмуриятининг компенсация эвазига ишдан бўшаш тўғрисидаги таклифи давлат хизматчилари орасида катта қизиқиш уйғотмаган. Ҳозирча АҚШ ҳукуматининг 20 мингдан зиёд федерал амалдори (давлат хизматчиларининг қарийб 1 фоизи) лавозимдан кетишга рози бўлган.
Bloombergʼнинг қайд этишича, ишдан бўшаш таклифидан фойдаланишни истаётган ходимлар сони кундан кунга ортмоқда. Трамп жамоаси 6 февралдан аризалар сони кескин ошишини кутмоқда — бу амалдорларга таклифни қабул қилиш учун берилган сўнгги муддат. Ўз навбатида касаба уюшмалари аллақачон давлат хизматчиларини ишдан кетишга кўндиришга уринаётгани учун Трамп маъмурияти устидан даъво аризаларини киритган.
Мавзуга оид

20:32 / 10.03.2025
Трамп Зеленский истеъфога чиқмагунча Украинага ёрдам кўрсатишни тикламайди – ОАВ

01:10 / 10.03.2025
Трамп: Украина АҚШ ёрдами билан ҳам омон қолмаслиги мумкин

19:14 / 09.03.2025
Тинчлик металлари: АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги ресурс келишувининг нимаси ғалати?

01:44 / 08.03.2025