Жамият | 14:24 / 04.02.2025
9327
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳоким ёрдамчиси фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, пулни ишлатиб юборгани аниқланди

У 20 киши номига жами 427 млн сўмдан зиёд кредит маблағларини расмийлаштирган.

Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси ўзгалар номига кредит расмийлаштириб, қўлга киритилган маблағларни талон-торож қилгани аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқарога электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланиб, жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритган ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Шунингдек, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа беш нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлса-да, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса мазкур хабарлар юзасидан баёнот бериб, Тошкент шаҳрида бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс мавжуд эмаслигини маълум қилган.

«Тарқатилаётган маълумотларда М.Ф. деб айтилаётган шахс ўтган йилнинг ноябр ойида ўз хоҳишига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилган», дейилади расмий муносабатда.

Бош прокуратура эса бу хабар юзасидан муносабат билдириб, М.Ф. айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган даврида муқаддам эълон қилинган хабардаги қилмишларни содир этганини билдирди.

«Шуни маълум қиламизки, М.Ф. 2022 йилнинг 7 октябр кунидан 2024 йилнинг 29 ноябр кунига қадар Шайхонтоҳур тумани "Камолон Дарвоза" маҳалла фуқаролар йиғинининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритиб, туман ҳокимининг 14.12.2024 йилдаги тегишли қарори билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. М.Ф. айнан ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган даврида муқаддам эълон қилинган хабардаги қилмишларни содир этган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида ҳоким ёрдамчиси 33 млн сўмлик кредитдан икки марта олиб бериш эвазига 4,5 млн сўм пора олаётганда ушлангани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид