Ўзбекистон | 16:04 / 03.02.2025
2065
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари Россиянинг Приморск ўлкасига ишга жалб қилинади

Мамлакат Бош консулхонаси кўмагида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги вакиллари ва Приморск ўлкаси ҳукумати мутасаддилари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Томонлар Ўзбекистон фуқароларини қонуний асосда Россиянинг Приморск ўлкасига ишга жалб қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, шу йил феврал ойида Приморск ўлкаси делегациясининг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидан малакали ишчиларни Приморск ўлкасига ишга жалб этиш бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Приморск ўлкасидаги салоҳиятли иш берувчилар томонидан ишга қабул қилишга танлаб олинган Ўзбекистон фуқаролари учун барча шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, ишга жалб қилинадиган мамлакат фуқароларининг Россия ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориши учун рухсатнома (патент)ни расмийлаштириш жараёнини соддалаштириш мақсадида, тиббий кўрикдан ўтиш ва юқумли касалликлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномаларни расмийлаштириш Ўзбекистон ҳудудида амалга оширишини кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.

Мавзуга оид