Жаҳон | 14:32 / 01.02.2025
2957
2 дақиқада ўқилади

"Туркманистон" авиакомпанияси Россияга рейсларни мартгача бекор қилди

"Туркманистон" авиаташувчиси ҳеч қандай сабабсиз Ашхобод ва Москва ўртасидаги рейсларни тўхтатиб туриш муддатини март ойига қадар узайтирди. Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатга учрагач, 31 январгача бундай рейслар бўлмаслиги маълум қилинганди.

Фото: Дмитрий Рогулин/ ТАСС

"Туркманистон" авиакомпанияси (Turkmenistan Airlines) Ашхобод-Москва-Ашхобод йўналишида парвозларни тўхтатиб туриш муддатини камида март ойига қадар узайтирди. Бу ҳақда 31 январ, жума куни авиаташувчининг ўзига таяниб, «Интерфакс» агентлиги хабар берди. Компания ўз қарори сабабларини тушунтирмади.

Turkmenistan Airlines Ашхобод ва Москва ўртасидаги парвозларни декабр ойи охирида тўхтатган эди. Дастлаб 2024 йил 30 декабрдан 2025 йил 31 январгача рейслар амалга оширилмаслиги эълон қилинган эди. Бунинг сабаблари ўша пайтда ҳам тушунтирилмаган.

ТАСС агентлигининг эслатганидек, "Туркманистон" авиакомпанияси охирги марта 2023 йил августида Москва ҳаво зонасидаги вазият, шунингдек, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш учун хатарларни баҳолаш асосида Москвага парвозларни тўхтатган эди". Ўшанда бу қарор Россия Мудофаа вазирлигининг Москва областида Украина учувчисиз учоғининг ҳужуми тўхтатилгани ҳақидаги хабарлари фонида қабул қилинган эди, дея таъкидлайди нашр.

Айни вақтда, «Интерфакс»нинг қайд этишича, январ ойида Россиянинг S7 авиакомпанияси ҳафтасига 14 мартагача Москва-Ашхобод рейсларини амалга ошириш учун Федерал ҳаво транспорти агентлигидан рухсат олган. 15 январдан бошлаб ҳар куни парвозлар амалга ошириляпти. Ҳозирда S7 Россия ва Туркманистон ўртасида мунтазам рейсларни амалга оширувчи ягона авиаташувчи ҳисобланади, дея таъкидлайди агентлик.

Мавзуга оид