Жаҳон | 16:26 / 31.01.2025
3601
2 дақиқада ўқилади

Италия 3 миллион фуқарони заҳарлашда айбланди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Римга заҳарли чиқиндихоналар муаммосини ҳал қилиш учун икки йил муддат берди. Улардан 2,9 миллион киши азият чекмоқда.

Фото: AP

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Италияни Неапол шаҳри атрофидаги заҳарли чиқиндилар билан ифлосланган ҳудудда яшовчи қарийб 3 миллион фуқаронинг ҳуқуқларини бузишда айбдор деб топди. Ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш учун Римга икки йил муддат берилди.

Италия ҳукумати вакилларининг таъкидлашича, атроф-муҳит ифлосланишининг камида бир қисми чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича бир неча миллиард долларлик битимлар билан боғлиқ. Бу битимларда эса “Каморра” мафия гуруҳи иштирок этган.

Европа суди муаммонинг йиллар давомида ҳал қилинмаётгани, бу вақт ичида чиқиндихоналар ер ости сувларини заҳарлаб, инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

Италия устидан Европа судига даъво аризасини 41 кишилик фуқаролар гуруҳи топширган. Уларни бешта минтақавий ташкилот қўллаб-қувватлаган.

Бу Европа судининг Италияни заҳарли чиқиндиларни назорат қилмасликда айблаган биринчи ҳолат эмас. 2014 йилда мамлакат шу сабаб билан 40 миллион евро миқдорида жаримага тортилганди. Ўша пайтда бу Европа Иттифоқи аъзосига қўйилган энг катта жарима ҳисобланарди.

Мавзуга оид