Ўзбекистон | 22:04 / 28.01.2025
3492
3 дақиқада ўқилади

Сенат кенгаши мажлисида Қўшработ тумани тажрибасининг тақдимоти ўтказилди

Тумандаги тадбиркорлик субъектларига икки йил ичида 12,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари берилган. Шундай бўлсада, туман ҳудудида бўш турган тўртта объект дастлабки қиймати пасайтирилиб, бир неча маротаба аукционга чиқарилганига қарамасдан сотилмаган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат кенгашининг мажлисида Самарқанд вилояти сектор раҳбарлари томонидан камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Қўшработ тумани тажрибаси тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2023 йилдан бошлаб 5-тоифага мансуб Қўшработ туманидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг алоҳида тартиби жорий қилиниши ҳисобига уларга 2023-2024 йилларда 12,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари берилган. Натижада, ўтган йилнинг ўзида қарийб 700 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, уларнинг сони 2,1 мингга етган ва 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган.

Инвестиция дастури доирасида 35,4 млн долларлик 41 та лойиҳа ишга туширилган. 23,6 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, экспорт ҳажми 3,5 млн долларга етган. Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 54,2 млрд сўмлик имтиёзли кредит ва 1,5 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратилган.

Муҳокама жараёнида сенаторлар маҳаллаларда 2021-2022 йилларда ташкил қилинган кичик саноат зоналари зарур инфратузилма билан таъминланмагани сабабли бугунги кунга қадар учта кичик саноат зонасидан иккитасида бирорта лойиҳа амалга оширилмаганини таъкидлади.

Туман ҳудудида бўш турган тўртта объект дастлабки қиймати пасайтирилиб, бир неча маротаба аукционга чиқарилганига қарамасдан сотилмаган. «Ваҳоланки, туманнинг 5-тоифага мансублигидан келиб чиқиб, объект қийматини 5 йил муддатгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган эди», — дейилади хабарда.

«Маҳалла еттилиги» қарори билан 40 га яқин ижтимоий ёрдам ва субсидия маблағларини олиш имконияти яратилган бўлсада, ўтган давр мобайнида фақат 3-4 та туридан фойдаланилган. Олтита маҳаллада камбағал оила аъзоларига субсидия маблағларини ажратиш чоралари умуман кўрилмаган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан мавжуд қарздорлиги ўтган йилга нисбатан қарийб 7,4 фоизга ошган.

Мажлисда сенаторлар томонидан «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режасида белгиланган тадбирлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилган.

Мавзуга оид