Жаҳон | 14:49 / 28.01.2025
2356
2 дақиқада ўқилади

Бербок Рубио билан биринчи мулоқотда Украинадаги урушни муҳокама қилди

«Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммасига олмоқчи», деди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари АҚШ давлат котибига. Томонлар кучли НАТО блокининг аҳамияти, Украина, Суриядаги уруш ва Хитой билан муносабатларни муҳокама қилди.

Фото: AP

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Марко Рубио билан телефон орқали суҳбатлашди — бу у АҚШ давлат котиби лавозимига келганидан бери биринчи мулоқот бўлди. Бу ҳақда 28 январ, сешанба куни Германия ташқи ишлар вазирлигига таяниб, dpa ахборот агентлиги хабар берди.

«Биз АҚШнинг янги ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчимиз», деди Германия дипломатияси раҳбари. «Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммасига олмоқчи», дея қўшимча қилди у.

Суҳбат тахминан ярим соат давом этди. Қўнғироқ Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтаётган Брюсселдан амалга оширилган.

НАТО, Украинадаги уруш, Ғазодаги вазият

Бербок ва Рубио кучли НАТО блокининг аҳамияти, Россиянинг Украинадаги уруши, Сурия, Ғазо сектори ва Яқин Шарқдаги вазият, Хитой билан муносабатларни муҳокама қилди.

АҚШ Давлат департаменти таъкидлаганидек, Рубио «АҚШ-Германия муносабатларининг мустаҳкамлиги ва трансатлантик тинчлик ва фаровонлик учун муҳимлигини тасдиқлади». Томонлар мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида барқарорликни таъминлаш масаласига тўхталди, дея қўшимча қилди Давлат департаменти.

Германия ва АҚШ ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг биринчи шахсий учрашуви, эҳтимол, феврал ойи ўрталарида Мюнхен хавфсизлик конференциясида бўлиб ўтади, деб хабар берди dpa.

Рубио АҚШ давлат котиби лавозимига киришишдан олдин Россия ҳам, Украина ҳам урушни тугатиш учун муросага келиши кераклигига ишонч билдирган. Киев Россия Федерациясидан йўқотилган барча ҳудудларни қайтариб ололмайди, деганди Марко Рубио.

Мавзуга оид