Жаҳон | 08:50 / 27.01.2025
8000
2 дақиқада ўқилади

Колумбия раҳбари ноқонуний муҳожирлар учун самолёт тақдим этди

Густаво Петро президент самолётини АҚШдан колумбиялик муҳожирларнинг қайтиши учун тақдим этди ва Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамиятининг йиғилишини чақирди.

Густаво Петро Фото: Reuters

Колумбия президенти Густаво Петро АҚШдан депортация қилинган ноқонуний муҳожирларни олиб кетаётган икки Америка ҳарбий самолётига қўнишни рад этганидан сўнг, президент самолётини АҚШдан колумбиялик муҳожирларнинг қайтиши учун тайёрлади. Бу ҳақда 26 январ, якшанба куни X ижтимоий тармоғида давлат раҳбари девони вакиллари маълум қилди.

Колумбия маъмурияти маълумотларига кўра, Петро миграция инқирозини ҳал қилиш учун Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатлари ҳамжамиятининг (CELAC) йиғилишини ҳам чақирган.

Навбатдан ташқари йиғилиш 30 январ куни бўлиб ўтади, деди CELAC'да раислик қилаётган Ҳондурас раҳбари Хиомара Кастро.

Колумбия етакчиси Трампга: сизнинг блокадангиз мени қўрқитмайди

Бундан ташқари, Петро Колумбия саноат ва савдо вазири Луис Карлос Реес Эрнандесга Қўшма Штатлардан импорт қилинадиган товарлар бўйича тарифларни 25 фоизга ошириш зарурлиги ҳақида маълум қилди, дея хабар беради dpa.

«Сизнинг блокадангиз мени қўрқитмайди», деди Густаво Петро АҚШ президенти Доналд Трампга.

Америка етакчиси аввалроқ Колумбиядан келадиган барча товарларга 25 фоизлик бож жорий этиш, Колумбия расмийларига киришни тақиқлаш ва бу давлатнинг барча фуқаролари учун чегара назоратини кучайтиришни буюрган эди.

Бир ҳафта ичида қўшимча тарифлар 50 фоизга кўтарилиши керак, дея қўшимча қилди Трамп.

Мавзуга оид