Ўзбекистон | 11:16 / 26.01.2025
5888
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактабга машина миниб келган ўқувчиларга чора кўрилди

Аниқланган ҳолатлар юзасидан ўқувчиларнинг ота-оналарига МЖтКнинг 47-моддаси асосида баённома расмийлаштирилган.

Тошкент шаҳрида мактабга ҳеч қандай ҳужжатларсиз машина миниб келган ўқувчиларга чора кўрилган. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси инспектор психологлари томонидан Юнусобод туманидаги мактабларда "Тиғ" тадбирлари ўтказилган. Шунда 265-мактабининг 8-Г синф ўқувчиси ёнида “Кобалт” машинасининг калити борлиги аниқланган. Ўрганишлар натижасида мактаб ўқувчиси С.С. машинани мактабга тегишли ҳужжатларсиз бошқариб келгани маълум бўлган.

Шунингдек Юнусобод тумани 260-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси С.С. ҳамда 246-мактабнинг 9-синф ўқувчиси С.Қ. томонидан отасига тегишли бўлган “Лаcетти” машинасини тегишли ҳужжатларсиз бошқариб юргани аниқланган.

Чилонзор тумани 114-мактабнинг 10-синф ўқувчиси С.М. мактаб ташқарисида ўзига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариб кетаётганда мактаб инспектор психологи томонидан тўхтатилган ва белгиланган тартибда ИИВ ЙҲББ ходимларига топширилган.

Қайд этилишича, барча ҳолатлар бўйича ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид