Жаҳон | 16:43 / 26.01.2025
13644
3 дақиқада ўқилади

Трамп географияси. Мексика кўрфази номи расман Америка кўрфази деб ўзгартирилди

Навбатда президентнинг бошқа ташаббуслари.

Фото: Bloomberg

АҚШнинг янги маъмурияти Мексика кўрфазини Америка кўрфази сифатида қайта номлади. Доналд Трампнинг «Америка буюклиги мероси шарафига» номларни тиклаш тўғрисидаги фармони ижро этилганини АҚШ ички ишлар вазирлиги эълон қилган.

Трамп 20 январ куни инаугурация нутқида Мексика кўрфазининг номини ўзгартириш ниятини билдирганди.

«Аввал Мексика кўрфази сифатида маълум бўлган Америка кўрфази мамлакат тарихи ва иқтисодиётидаги энг муҳим бойликлардан бири», — дейилган АҚШ ички ишлар вазирлиги баёнотида.

Флорида губернатор Рон ДеСантис янги номни ишлата бошлаган. Хусусан, штат метеохизматининг об-ҳаво бўйича сўнгги прогнозида Америка кўрфази номи ишлатилган.

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум бунга жавобан Американи Мексика Америкаси (América Mexicana) деб номлашни таклиф қилган.

Аммо кўрфазнинг қайта номланиши халқаро миқёсда тан олиниши даргумон. Аввалроқ Мексика расмийлари Мексика кўрфази номи бутун дунё бўйлаб тан олиниши ҳамда юзлаб йиллар давомида денгиз навигация белгиси сифатида ишлатиб келингани ҳақида айтишганди.

Аляскадаги тоғ ва Трампнинг бошқа даъволари

Шу кунларда АҚШнинг федерал орган ҳисобланадиган Географик номлар бўйича кенгаши президент Трампнинг Аляскадаги тоғ чўққисига собиқ президент Уилям МакКинли номини қайтариш бўйича фармонини ижро этиш устида иш бошлагани маълум бўлганди.

Бу Шимолий Америкадаги энг баланд нуқта бўлиб, аввалига 1901 йилда ўлдирилган президент Уилям Мак-Кинли шарафига номланган.

Аммо 2015 йилда Барак Обама Мак-Кинлини маҳаллий америкаликлар фойдаланадиган Денали номига ўзгартирган эди. Бу Аляскада яшовчи аҳолининг талаби ва икки асосий партия вакиллари қўллови билан рўй берганди.

Жума куни эса Трамп маъмурияти Обаманинг қарорини МакКинлига «ҳақорат» деб баҳолади ҳамда чўққига олдинги номини қайтариш бўйича кўрсатма берди.

Аляскада яшовчиларнинг кўпчилиги, жумладан штат губернатори бунаг қарши, аммо Трамп маъмурияти буни инобатга олмаяпти.

Доналд Трамп сайловолди кампанияси вақтида Панама канали устидан назоратни АҚШга қайтариш ниятини билдирган, бу эса Панамани қўллов сўраб БМТга мурожаат қилишга ундаган.

Шунингдек, у Канада қўшиб олиниши ва Гренландия куч билан эгалланишини истисно қилмаган.

Мавзуга оид